Давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.
Ёшларнинг эртанги истиқболи, маънавиятимиз ривожи учун хизмат қилувчи эзгу ташаббусларнинг амалиётга татбиқи Тошкент шаҳри Учтепа туманида ҳам бошланди. Бу ҳақда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

18 май куни “Маънавият карвони” лойиҳаси доирасида мазкур туманда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасидаги учинчи ташаббус – “Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва Интернетдан самарали фойдаланиш” борасида амалга оширилаётган ишларнинг тақдимоти катта тантанага айланиб кетди. 
Тадбирлар давомида “Ёшларда техник билимлар савиясини юксалтириш”га бағишланган тадбир, “Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда “Узбектелеcом” Акциядорлик компанияси кўргазмали стендларининг тақдимоти ташкил этилди. Ушбу тадбирларда ёшлар, мактаб ўқувчилари ҳамда туман аҳолиси катта қизиқиш билан иштирок этди.
Айниқса, киберспорт бўйича амалий машғулотлар, ўйинлар таҳлилидан тортиб, коммуникация стратегиясини ишлаб чиқишгача бўлган жараёнлар, ақлий ривожланишнинг таъсирчан воситаси саналувчи робототехника, мобиль иловалар ишланмалари билан шуғулланиш бўйича амалий машғулотлар ҳамда сунъий идрок (интеллект) лойиҳа тақдимоти ёш авлод вакилларини жуда қувонтириб юборди.
Туманда ташкил этилган тадбирлар доирасида таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларига замонавий компьютер жиҳозлари топширилди. Шунингдек, Учтепа туманида Рақамли технологиялар марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. “Ёшларда техник билимлар савиясини юксалтириш”га бағишланган тадбир ниҳоясида энг иқтидорли ёшлар сертификатлар билан тақдирландилар.