Навоий вилоятида “Навоий ҳудудини ўзингиз учун кашф қилинг – бизнесингиз учун янги горизонтлар жойи” номли Ўзбекистон-АҚШ-Канада бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ушбу халқаро миқёсдаги йирик анжуманда АҚШ ва Канаданинг қишлоқ хўжалиги, молия, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи 100 га яқин компаниялари ҳамда таълим соҳасидаги муассасалар вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида иштирокчилар Навоий кон-металлургия комбинатининг Навоий машинасозлик заводи, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида бўлди. Шунингдек, меҳмонлар XI аср ёдгорлиги бўлмиш Работи Малик карвонсаройига ҳам ташриф буюрди.
Хорижлик ишбилармонлар “Навоий” эркин иқтисодий зонасида қатор ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда воҳанинг ҳар бир туман ва шаҳрида ишлаб чиқарилган саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиши ташкил этилди. Хорижлик ишбилармонлар билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.












