АсосийJamiyat

Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилмоқда

'Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилмоқда'ning rasmi

Республикамиз аҳолисининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, уларда мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг май ойи бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари иштирокида жойларда сайёр қабуллар ташкиллаштирилмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг 7-11 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов иштирокида Тошкент вилоятининг Зангиота ва Бўстонлиқ туманларида фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида оммавий сайёр қабуллар ўтказилди. Қабулда 33 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, улардан 9 тасига шу жойнинг ўзида ижобий ечим топилди. Ижроси муддат талаб этадиган 21 та мурожаат эса назоратга олиниб, 3 та мурожаат эгаларига эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

10-11 май кунлари эса Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Шавкат Мавлянов Андижон вилоятининг Избоскан ва Марҳамат туманларида сайёр қабуллар ўтказиб,унда виртуал ва халқ қабулхоналарига мурожаат қилган ҳамда ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали мазкур сайёр қабуллар ҳақида хабар топган 54 нафар фуқаролар билан бевосита очиқ мулоқот қилди. Қабул жараёнида муаммоларнинг 25 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 9 та мурожаатларни кўриб чиқилиши назоратга олинди. 1 таси бўйича асослантирилган ҳуқуқий маслаҳат ва 19 тасига тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларига мурожаат қилиши бўйича тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, сайёр қабуллар давомида вақтинча ишсиз бўлган фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Натижада 2 нафар фуқаро ишга жойлашиб, 1 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида банклардан имтиёзли кредитлар ажратилишини сўраб мурожаат қилган 2 нафар фуқарога кредит ажратиш юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шунингдек, 14 май куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Муҳиддин Жўраев Сирдарё вилоятининг Ховос тумани аҳолиси билан учрашди. Очиқ мулоқотларга асосланган сайёр қабулда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 260 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Қабул давомида келиб тушган мурожаатлардан 116 таси жойида ижобий ҳал этилди. Яна 59 нафар фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларнинг 30 нафарига ногиронлик аравачаси, 3 нафарига эшитиш мосламаси ва яна бир нечта фуқарога маиший техника воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

14-15 май кунлари эса Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Акрамхон Бобохонов Сурхондарё вилоятининг Музработ ва Шўрчи туманларининг аҳолиси билан учрашди. Сайёр қабуллар жараёнида 234 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, улардан 13 тасига шу жойнинг ўзида, тезкорлик билан ечим топилди. Қўшимча ўрганиши талаб этиладиган 20 та мурожаатларни кўриб чиқилиши назоратга олинди, 105 таси бўйича асослантирилган ҳуқуқий маслаҳат берилди ва 96 тасига тегишлилиги бўйича бошқа органларга мурожаат қилиши тушунтирилди. Қабул жараёнида 4 нафар фуқаро ногиронлик аравачаси, 1 нафар фуқаро эшитиш ускунаси билан қаноатлантирилди. Шу билан бирга, яна 4 нафар фуқароларга моддий ёрдам ажратилди.

Навоий вилоятининг Конимех ва Хатирчи туманларида ҳам сайёр қабуллар ташкил этилди. 15-16 май кунлари бўлиб ўтган сайёр қабулда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Рустам Хатамов Навоий шаҳри, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор, Хатирчи ва Нурота туманларидан келган 70 нафар фуқаролар мурожатларини тинглади. Унда тиббий хизмат, йўл қурилиши, сув масаласи, бандлик ҳамда ички ишлар тизимига боғлиқ бир қатор муаммолар билан мурожаат қилинди. Ушбу мурожаатлардан 21 таси жойида ижобий ҳал этилиб, 1 нафар мурожаат муаллифига оғзаки тушунтириш берилди. Қўшимча ўрганиш учун 48 та мурожаат ижрога қаратилди. Конимех туманидаги қабул жараёнида рўйхатга олинган 6 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 4 нафар имконияти чекланганлар махсус қўлтаёқ, 2 нафарига фуқарога эшитиш мосламаси тақдим этилди. Шунингдек, 50 нафар мурожаатчининг тиббий хизмат, ишсизлик, нафақа олиш, ишни қайта тиклаш масалаларига ўз жойида ижобий ечим топилди. Хатирчи туманидаги сайёр қабулда ҳам яна10 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, қиймати 4 миллион сўмлик дори-дармон ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Жойларда ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар халқнинг эртанги кунга, уларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида туну-кун хизмат қилаётган ички ишлар органлари фаолиятига ишончини янада оширмоқда.

Бундай сайёр қабуллар республикамизни бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.


    Бошқа янгиликлар