Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциялари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ҳамда 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳисоботини кўриб чиқди.
Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида қайд этилганидек, 2018 йилда Давлат бюджети даромадлари 2017 йилга нисбатан 59,2 фоизга ўсиб, белгиланган 62 триллион 500 миллиард сўм режадан 16 триллион 599 миллиард сўмга ортиғи билан ёки 126,6 фоизга бажарилди. Ўз навбатида, Давлат бюджети даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,4 фоизни ташкил қилди. Ялпи ички маҳсулот 2017 йилга нисбатан 5,1 фоизга ўсди.
Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан саноат тузилмасини диверсификация қилиниши, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада оширилиши натижасида экспорт таркибида сезиларли ўзгаришга эришилди. Шунингдек, ўтган 2018 йилда 107,3 триллион сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилган. Уларнинг 34,4 триллион сўми марказлашган инвестициялар ҳисобига тўғри келди.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш мақсадида Халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар грант маблағлари ҳисобидан 1 триллион 152,3 миллиард сўм ҳамда маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 1 триллион 277,8 миллиард сўм ажратиш режалаштирилиб, тегишли маблағлар ўз вақтида йўналтирилган.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда 42 турдаги фаолиятга лицензиялар ва рухсатномалар бериш бекор қилинди. 25 фаолият тури учун лицензия ва рухсатнома бериш муддатлари қисқартирилди, давлат мулки ҳамда ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига электрон савдолар орқали ноль қийматда сотишнинг бозор механизмлари жорий этилди. Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида «Yoshlar kelajagimiz» жамғармасига Давлат бюджетидан 480 миллиард сўм маблағ ажратилди.
– Ўтган даврда Ўзбекистоннинг илк бор халқаро евро облигацияларни Лондон биржасида жойлаштириши ва бу орқали республиканинг халқаро молиявий бозорга кириб келиши таъминлаганлиги ҳукумат томонидан амалга оширилган энг муҳим ишлардан бири сифатида баҳолаймиз, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Комилжон Эрназаров. – Бунинг афзалликлари шундаки, Евробонд аввало, Ўзбекистонни жаҳон молия бозорига танитади ва хорижий инвесторларни жалб қилишга ёрдам беради, йирик ва узоқ муддатли инвестицияларни молиялаштириш манбаи сифатида инвесторлар доирасини кенгайтириб, инвестиция манбаларини диверсификация қилиш, шу билан бир қаторда барқарор иқтисодий сиёсат юритиш барометри ҳисобланган евробондни чиқариш орқали Ўзбекистон ҳукуматига иқтисодий ривожланиш, барқарор монетар ва фискал сиёсат юритишга тайёр эканини жаҳон инвесторларига намойиш қилиш имконини беради. Умуман олганда, евробонд Ўзбекистон корхоналарида корпоратив бошқарувни жаҳон даражасига олиб чиқиб, турли соҳаларга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимига ижобий таъсир этади.
2019 йилнинг биринчи чорагида экспорт ҳажми 4,1 миллиард АҚШ долларни ташкил этган бўлса, импорт ҳажми 5,3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлди.
Йиғилиш якунида фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил якунлари ва 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида Давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларидан тадбирларни молиялаштиришга, айниқса, ижтимоий ҳимояда қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги кайд этилди.
Тақдим этилган хужжатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йилда аҳоли умумий даромадлари 286,3 триллион сўмни ташкил этган, бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 110,3 фоизга ошган. Бу эса фуқароларнинг реал даромадларини оширишга хизмат қилган бир қатор тадбирларнинг самарали ҳаётга татбиқ этилганлигидан далолатдир.
Ҳисобот даврида ижти моий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 42 триллион 883 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 53,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.
Фракция аъзолари Давлат бюджети шаклланиши ва даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқлари, Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросини таъминлашга қаратилган чора тадбирларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, Давлат бюджетининг даромадлари ижроси таҳлил қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида аҳоли умумий даромадлари 64,9 триллион сўмни ташкил этди. Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 108,6 фоизни ташкил этди. Қайд этилдики, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 54,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.
Йиғилишда таъкидландики, 2019 йилнинг биринчи чорагида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди. Бунда, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш каби тадбирларни молиялаштириш бюджет параметрларида белгиланган йўналишлар доирасида ўз вақтида амалга оширилди.






