Юртимизда моҳир мунаққид, адабиётшунос олим, устоз адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу сана муносабати билан пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида хотира кечаси бўлиб ўтмоқда.
Унга адабиёт мухлислари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Устоз таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунда кенг жамоатчилик вакиллари, шоир ва ёзувчилар пойтахтимизда Озод домла мангу қўним топган маскан – Форобий (Чиғатой) қабристонига бориб, унинг қабрини зиёрат қилдилар. Олимнинг хотирасига Қуръон тиловат қилинди. Адиблар хиёбонида эса унинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Ижодининг ёшлар тарбияси, миллий адабиётимиз ривожидаги ўрни хусусида сўз юритилди. Шу куни ижодкор истиқомат этган уйда унинг хотирасига бағишлаб ёдгорлик лавҳаси очилди.
Миллий театр биносида ўтказилаётган адабий-бадиий хотира кечасида таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маърифий жабҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида ижодкорлар учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш, уларни моддий ва маънаавий қўллаб-қувватлаш, сўз санъатига меҳри баланд ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиш, китобхонликни ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борадаги ибратли саъй-ҳаракатларда устоз адиб ва шоирлар, мунаққидлар, умрини миллий адабиётимиз равнақига сарфлаган фидойи устозларнинг ижодини пухта ўрганиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, уларнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатишга эътибор қаратилмоқда.
Серқирра ижодкор Озод Шарафиддинов моҳир таржимон, адабиётшунос олим, мунаққид, меҳрибон мураббий сифатида халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олган ижодкордир. Унинг асарлари миллий адабиётимиз ривожини янги, янада юксак поғонага олиб чиқишда, соҳага оид долзарб масалаларнинг илдизини теран таҳлил этиш, ўрганишда, ёшларнинг билимини бойитишда ғоят катта аҳамият касб этади. Устознинг "Ижодни англаш бахти", "Довондаги ўйлар", "Домлалар" ва бошқа кўплаб китоблари юртимизнинг илм-маърифатига, тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ижодкор зиёлиларнинг босиб ўтган умр йўлини тераноқ англаш, фаолияти билан яқиндан танишиш, инсоний фазилатларини тарғиб қилиш билан бирга турли йиллар, даврлар силсиласини янада теранроқ англаш имконини бериши, ўзини қаламкаш санаган инсоннинг ўз ижодига четки кўз билан, яъни таҳлилий-танқидий нигоҳ ташлашга ўргатиши билан ғоят қадрлидир.
Кечада ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар О.Шарафиддинов ижоди, фаолияти, унинг асарлари хусусида батафсил сўз юритмоқда.






