Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Баҳромович Қудратхўжаевнинг Бюронинг Учкўприк туман бўлими биносида Бувайда, Данғара, Бағдод, Бешариқ, Фурқат, Учкўприк, Ўзбекистон туманлари ҳамда Қўқон шаҳар аҳолиси учун сайёр қабул бўлиб ўтди.
Учрашувда Бюронинг Фарғона вилояти раҳбарияти иштирок этдилар.
Тадбир давомида, аҳоли томонидан ўзларини қийнаб келаётган муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Хусусан¸ Учкўприк туманида яшовчи Р.Абдуллаеванинг қарздор томонидан алимент тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаётгани ҳақидаги мурожаати назоратга олиниб, ундирувчига шу куннинг ўзида 12 млн. сўм алимент қарздорлиги тўлиқ ундириб берилди.
Бундан ташқари, фуқаро А.Ғуломовнинг мурожаати бўйича тегишли чоралар кўрилиб, 9,2 млн. сўм ҳақдорлиги қарздордан тўлиқ ундирилишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Худди шунингдек, 21 май куни Бюро директори томонидан Бюронинг Фарғона туман бўлими биносида Олтиариқ, Риштон, Фарғона, Қўштепа, Ёзёвон, Тошлоқ, Қува туманлари ҳамда Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари аҳолиси учун ҳам сайёр қабул ташкил этилди.
Ташкил этилган 2 кунлик сайёр қабул давомида жами 19 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати эшитилиб, 4 та мурожаатлар ижобий ҳал этилган, 5 та мурожаатлар тааллуқлилиги учун бошқа вилоятларга юборилган. Қолган мурожаатларни ҳал этиш бўйича масъул ходимлар белгиланиб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.






