Умумтаълим муассасаларида таълим олаётган ёшларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, уларни йўл ҳаракатининг маданиятли иштирокчиси сифатида тарбиялаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича олаётган билимларини мустаҳкамлаш ва қоидаларни ўргатишни янада такомиллаштириш мақсадида “Ёшлар иттифоқи”, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда вилоят Ҳалқ таълими бошқармаси, “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 19 май куни Гулистон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида “Яшил чироқ” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ушбу мусобақада шаҳар-туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 11 нафар жамоа иштирок этди.
Аввал бошида жамоаларнинг сафда юриш тайёргарлиги текширилди. Ушбу шартда жамоанинг барча аъзолари иштирок этиб, сафда шаҳдам қадам билан белгиланган қоида бўйича юришларига алоҳида эътибор қаратилди. Пиёдалар ҳаракатига оид шартда ҳар бир жамоанинг битта аъзоси иштирок этиб, пиёдаларнинг вазифаларига оид саволларга жавоб қайтарди ва амалий тарзда кўрсатиб ҳам бердилар.
Ёш велосипедчилар мусобақасида жамоанинг 3 нафар ўғил болалари иштирок этиб, улар саккиз шаклидаги чизиқ оралиғида ҳаракатланиш, тўсиқларни айланиб ўтиш, шартли кўприкчадан юриш, махсус устунча устида турган идишни сувини тўкмасдан иккинчи устунга олиб бориб қўйиш шартларини бажаришди.
Регулировкачи сигналларини кўрсатиш шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этиб, ҳакамлар томонидан берилган саволларга кўра регулировкачининг ҳаракатларини кўрсатиб изоҳлаб беришди.
Гуруҳ сардорлари беллашуви шартида жамоанинг сардорлари иштирок этиб, уларга навбати билан “Йўл ҳаракати қоидалари” асосида саволлар берилди ва жавоблари олинди.
Макет ясаш бўйича беллашув шартида жамоанинг 2 нафар аъзоси иштирок этиб, улар ҳакамлар томонидан берилган топшириққа асосан 15 дақиқа ичида турли макет ясаб бердилар, бунда иштирокчилар “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларига мос равишда турли деталлар қоғоздан кесиб олиниб ва елим билан ёпиштирилиб тайёрланди.
Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш шартида жамоанинг 2 нафар аъзоси (қиз бола) иштирок этиб, ёш ҳамширалар йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шифокорлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришиб, жавобларни амалий тарзда кўрсатиб беришди.
Техника ижодиёти танлови шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этиб, танловда ўқувчилар томонидан тайёрланган, радио сигналлари орқали бошқариладиган транспортлар ҳаракати юзасидан ўтказилиб, транспорт воситасининг тўғрига, ўнгга, чапга, орқага ҳаракати намойиш этилди ва транспорт воситаси шартли равишда ясалган гаражга киритилди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра 1-ўринни Боёвут тумани жамоаси, 2-ўринни Гулистон шаҳар, 3-ўринни Сирдарё тумани жамоалари қўлга киритди. Ғолиб жамоаларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар тантанали равишда топширилди.
Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи катта инспектори подполковник Тошбоев Жавлон