АсосийShou-biznes

“Бунёдкорлик эпопеяси” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди

Республика Киночилар уйида “Ўзбеккино” миллий агентлиги илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида тасвирга олинган “Қўшиққа айланган умр”, “Чемпион оилалар”, “Бунёдкорлик эпопеяси” номли ҳужжатли фильмларнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари учун намойиши ва фильм ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.
«Қўшиққа айланган умр» ҳужжатли фильмида Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинади. Устоз санъаткорнинг миллий қўшиқчилигимизга қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида таниқли ижодкорлар, мусиқашунослар, хонандалар, оила аъзолари, яқинларининг ёрқин хотиралари, ҳикоялари картинанинг таъсирчанлигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этган. Халқимизнинг севимли ҳофизи ҳақидаги ушбу фильмни Феруза Тўрахўжаева сценарийси асосида режиссёр Мурод Одилов суратга олган.
«Чемпион оилалар» фильми Соғлом бола йилига бағишланган бўлиб, уни Забаржад Бобожонова сценарийси асосида режиссёр Раиса Ралдугина суратга олган. Ҳужжатли картина мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, болалар спортини ривожлантириш ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда дунёда спорт, санъат ва фан сифатида қадрланаётган шахматнинг наинки болалар, катталар, балки жамият ҳаётидаги аҳамияти нуфузли халқаро турнирларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик ёш шахматчи болалар ҳаёти, улар вояга етаётган оилавий муҳит мисолида очиб берилган.
«Бунёдкорлик эпопеяси» ҳужжатли фильмида моҳир фотограф, ўз касбининг устаси Абдуғани Жумаев фаолияти ҳақида сўз юритилади. Фильм қаҳрамони истиқлол йилларида мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларини, айниқса, пойтахтимизда қад ростлаган улкан иншоотларнинг қурилиш жараёнларини, қурувчиларнинг фидокорона меҳнатини фотосуратларга муҳрлаган. Дилфуза Қўзиева сценарийси асосида режиссёр Акмалжон Иброҳимов суратга олган ушбу фильмда мамлакатимиздаги тинч ва осойишта, тўкин, фаровон ҳаёт, улкан бунёдкорлик ишлари акс эттирилган. 

    Бошқа янгиликлар