1

Кураш полвонлар юртига қайтмоқда

СПОРТ 09.06.2019, 16:27
Кураш полвонлар юртига қайтмоқда

Сарлавҳани ўқиб ажабланишингиз мумкин, нима Бухорода кураш йўқ бўлиб кетганмиди, деб. Асло ундай эмас, шариф шаҳарда кураш неча минг йиллардан бери мавжуд ва ҳамон бу юрт ўғлонлари кураш тушиб, бел олишиб улғаймоқда. Йўқса Бухородан кураги ерга тегмаган полвонлар етишиб чиқармиди?!

Гап шундаки, бу муборак замин курашга ўнлаб Ўзбекистон чемпионлари, кўплаб халқаро турнирлар, ҳатто жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари ғолибларини етиштириб берган бўлса-да шу кунга қадар Бухорода миллий спортимиз бўйича биронта ҳам йирик турнир ўтказилмаган экан. Ниҳоят жорий йилга келиб бу нохуш анъана барҳам топди.

8-10 июнь кунлари Бухорода кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган биринчи халқаро турнир ўтказилади. Шу маънода кураш полвонлар юртига қайтмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Бежиз Бухорони полвонлар юрти дейишмайди. Чунки шу заминда туғилиб улғайган Акобир Қурбонов, Шуҳрат ва Ботир Хўжаев, Камол Муродов, Халил Жумаев, Ширин Шарипов ва бошқа забардаст курашчиларни нафақат Ўзбекистон, балки ундан ташқариларда ҳам яхши билишади. Хўш, бугунги кунда юқорида номлари санаб ўтилган полвонларга муносиб издошлар етишиб чиқяптими? Бугун бошланаётган мусобақада маҳаллий ишқибозлар кимларга мухлислик қилиши мумкин? Шу саволлар билан ЎзА мухбири Бухоро вилоят кураш федерацияси ижрочи директори Савриддин Умаровга мурожаат қилди.

- Бухоро вилоятидан бугунги кунда ҳам маҳоратли кураш усталари етишиб чиқмоқда. Негаки кураш қонимизда бор. Узоққа бормайлик, ўтган йили Жакартада ўтказилган Осиё ўйинларида бухоролик иккита полвон шоҳсупадан жой олганди. Жумладан вазн тоифаси 66 кг.гача бўлган полвонлар ўртасида Маъруф Ғайбуллаев олтин, 100 кг.дан юқори вазн тоифасида эса Нурбек Тўраев бронза медали билан тақдирланган эди. Илк маротаба Бухорода ташкил этилган Президент соврини учун ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирда вилоятимиздан жами 14 нафар полвон гиламга тушади. Улардан тўрт нафари Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этса, қолган ўн нафари вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади. Шундан уч нафари аёллар, қолган еттитаси эркаклар ўртасида беллашувларда қатнашади. Нурбек Тўраев, Маъруф Ғайбуллаев, Нуржон Тўхтаев ҳамда Мадиёр Эркинов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида гиламга тушади. Умид қиламанки илк маротаба ўтказилаётган ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирда бухоролик полвонлар муносиб иштирок этади.

Бугун бошланадиган беллашувларда эркаклар 60, 66, 90, 100 кг.гача, аёллар эса 52 кг.гача вазн тоифасида ғолиблик учун курашади. Эртага эркаклар ўртасида 73, 81 ва 100 килогача, аёллар орасида эса 63 ва 78 килогача бўлган вазн тоифаларида ғолиблар аниқланади.

Низомга кўра ҳар бир вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган полвонлар 3000, финалчи 2000 ҳамда ярим финалчилар 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланади. Илк маротаба ўтказилаётган ушбу мусобақада йигирмага яқин давлатдан жами 135 нафар полвон иштирок этади. Шундан 95 нафари хорижлик курашчилардир.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1