1

Президент мактабларига 8 кунда 8 минг нафардан ортиқ ўқувчи ҳужжати топширилди

ЖАМИЯТ 09.06.2019, 16:30
Президент мактабларига 8 кунда 8 минг нафардан ортиқ ўқувчи ҳужжати топширилди

8 июнь соат 15:15 га қадар Президент мактабларига 8,3 мингдан зиёд номзод ҳужжат топширган бўлса, улардан 2,4 мингдан зиёди pm.xtv.uz сайтида яратилган қулайликлардан фойдаланган ҳолда ҳужжатларини онлайн топширди.

Президент мактабларига ҳужжатларни қабул қилиш жараёни 1 июнда бошланган бўлиб, 22 июнга қадар давом этади. Жорий йилда Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги Президент мактабларида ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ҳужжатларни икки хил усулда топшириш мумкин: онлайн ва оффлайн. Ҳужжатлар онлайн усулда Президент мактабларининг расмий сайти орқали қабул қилинмоқда. Интернетдан фойдаланиш имконияти йўқ ота-оналар ҳужжатларни оффлайн усулда топширишлари йўлга қўйилган. Бунинг учун Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги қабул марказларига боришлари керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралда қабул қилинган “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилиши белгиланган.

Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида Президент мактабларининг ҳар бирига 5-10-синфларга 144 нафардан ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Жорий йилда Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентдаги Президент мактабларига ўқувчилар 5-10-синфларига, келгуси йиллардан бошлаб эса 5-синфга қабул қилинади.

Ҳужжатларни топшириш фақат ариза берувчининг таҳсил олаётган ҳудуди бўйича амалга оширилади. Аризачи ўқиётган мактабнинг ҳудудий жойлашуви Президент мактаби очилаётган ҳудудга мос келиши керак. Бошқа вилоятлар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар 2020-2021 йилларда республикамизнинг бошқа вилоятларида ташкил этиладиган Президент мактабларига ҳужжат топшириши мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1