1

Korea Telecom Ўзбекистоннинг 2766та мактабини замонавий компьютер билан таъминлайди

ЖАМИЯТ 11.06.2019, 14:26
Korea Telecom Ўзбекистоннинг 2766та мактабини замонавий компьютер билан таъминлайди

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилишича, Жанубий Кореянинг Korea Telecom (KT) компанияси 2766та умумий ўрта таълим мактаби синфларига жами 2859та ўқув-компьютер етказиб, ўрнатиб беради.

Президентимизнинг 5та муҳим ташаббусини амалга ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг умумтаълим мактабларида 2859та ўқув-компьютер синфлари ташкил этилиши белгиланди.

Жорий йилнинг 7 июнь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва KT компанияси Президенти Ю Енг Парк юртимизда ўқув-компьютер синфларини ташкил этиш бўйича шартномани имзолади.

Жанубий Кореянинг KT компанияси “Мактаб таълимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлди. Лойиҳа Корея Республикасининг Экспорт-импорт банки (Эксимбанк) ажратган $33 млн. кредит ҳисобига молиялаштирилади.

FormatFactorykt_0094.jpg

Лойиҳа доирасида KT компанияси 2766 та умумий ўрта таълим мактаблари синфларига жами 2859 та ўқув-компьютер етказиб, ўрнатиб беради. 2019 йил охирига қадар ўқув-компьютерлар 700 га яқин мактабларга етказиб берилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Ушбу ташаббуснинг учинчиси аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорларидан бири эканлигини, шунингдек, лойиҳа биргаликда муваффақиятли амалга оширилишини айтиб ўтди.

Мазкур лойиҳа мактаб ўқувчиларининг компьютер саводхонлигини оширишга ёрдам беришини ҳамда Ўзбекистонда ахборот технологиялари хизматларини ривожлантириш мамлакат учун устувор йўналишлардан биридир, дея таъкидлади вазир.

Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги ўқув дастури, жумладан, ахборот технологияларини ўқитиш бўйича дастурларни қайта кўриб чиқмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1