АҚШнинг Гарвард университети фонди томонидан БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга “Йил гуманисти” мукофоти топширилди, дея хабар бермоқда uz24.uz.
“Ушбу мукофот нафақат менга, балки ташкилотнинг минглаб ходимлари, тинчликпарвар элчилари, ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек БМТ ғояларини илгари сураётган барча ходимларига берилди”, - дейди Пан Ги Мун.
У ўз нутқида асосий эътиборни БМТ юзма- юз келаётган асосий таҳдидларга қаратди. Унинг айтишича, инсоният ҳозирда иқлим ўзгариши, турли касалликлар, очлик, қашшоқлик, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби жиддий муаммолар билан тўқнаш келмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керак-ки, БМТ Бош котиби давлат бошқаруви бўйича Жон Кеннеди номидаги Гарвард институти битирувчиси ҳисобланади. Унгача яна 3 нафар БМТ Бош котиблари, яъни 1985 йилда Хавер Перес де Куэляр, 1994 йилда Бутрос Бутрос-Гали ва 1998 йилда Кофи Аннан “Йил гуманисти” мукофотига сазовор бўлган.
Ушбу мукофот совриндорлари қаторида, шунингдек, Иордания қироличаси Нур ал-Ҳусейн, архиепископ Десмонд Туту, дизайнер Томми Хилфигер, поп-мусиқачи Лаёнел Ричи, актриса Шерон Стоунлар бор. Ўтган йил ушбу мукофотга покистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Малала Юсуфзаи лойиқ деб топилган.





