1

Пайариқ туманида “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 19.06.2019, 18:20
Пайариқ туманида “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган қатор ислоҳатлар ичзиллик билан амалга оширилмоқда. 30 июнь “Ёшлар куни” муносабати билан Республикамизда ўтказилаётган “Ёшлар тарғибот ойлиги” доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Пайариқ туман Кенгаши томонидан ҳам таъсирчан ва самарали ишлар ташкил этилмоқда.

Бу каби кенг кўламли ислоҳатлар замирида авваламбор, ёш авлодни жамият ҳаётида сиёсий жиҳатдан фаол, ўз фикрини эркин ифода эта оладиган, ҳуқуқий маданияти юксак фуқаро сифатида тарбиялаш ва шу орқали Фуқаролик жамиятини янада шакллантириш ва юксалтиришдан иборатдир. Мазкур вазифаларни ташкил этиш ва амалга оширишда нафақат туман марказидаги ёшлар, балки чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшлар ўртасида ҳам ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ушбу амалий ишларнинг давоми сифатида Пайариқ туманида ҳам ёшларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини янада ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида “Депутат ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Учрашув 2019 йил 14 июн куни туманнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган “Ғаллакор” маҳалласида, яъни Халқобод маиший хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида ўқувчилар ҳамда уюшмаган ёшлар иштирокида ўтказилди.

“Депутат ва ёшлар” учрашуви доирасида ўқувчи ва ёшлар Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Жамшид Ахунов, Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутатлари, Алишер Рашидов, Ғайрат Махаматов, Ғайрат Бойзоқов, Ҳусниддин Сафаров ҳамда Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди раиси Шухрат Шарипов ва Пайариқ туман Маъмурий суд раиси Фаррух Саломовлар билан учрашди.

Учрашувда ёшлар депутатлар ва суд раислари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларини тадбирга таклиф этилган депутатларга бериб борди.

Мисол учун: Халқобод маиший хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Боборахимова Сарвинознинг туман Кенгаши депутатларига берган “Депутатлик фаолиятини амалга оширишдаги асосий тамойиллар нималардан ибоарт. Депутатлик сўровларининг ижролари ҳар доим ҳам ижобий ҳал этилиши лозимми?” деган саволлари ёки уюшмаган ёш Каримов Аслиддиннинг Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати, Пайариқ туман Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси рахбари Ғайрат Бойзоқовга берган “Бугунги кунда деҳқончилик ерларини янада кенгайтириш ва ушбу ерлардан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олиш евазига табиатнинг яйлов ва ўсимликнинг кўп хиллигига бой ерларига зарар етказмаяпмизми” деган саволларига тадбирга таклиф этилган депутатлар ҳам тўлақонли жавоб беришди.

Бундан ташқари, ёшлар томонидан “Жиноят содир этган ёшга Депутатлик сўрови орқали жиноий жазодан озод этиш мумкинми?” каби саволларига ҳам қонун доирасида жавоблар берилди.

Тадбирда Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутатлари билан ёшларнинг жонли мулоқоти давомида нафақат саволларга жавобалар олинди, балки таклифлар ва ташаббуслар ҳам олға сурилди. Бу ҳолат шуни кўрсатиб турибдики, қанчадан – қанча бўлажак депутатлар бугунги кунда таълим муассасаларида шаклланмоқда. Бу эса, олиб борилаётган ислоҳатлар ўз исботини топаётганини кўрсатмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ошмоқда, уларнинг сиёсий тарбияси ҳам ўқитувчилари ва устозлари томонидан шакллантирилмоқда.

Тадбир сўнгида Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутатлари ҳамда Пайариқ туманидаги Суд раислари “Депутат ва ёшлар” учрашувида фаол иштирок этган ёшларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Пайариқ туман Кенгаши томонидан ажратилган эсдалик совғалари, яъни китоблар билан тақдирлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1