АсосийJamiyat

Оқсаройда бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотлари топширилди

Президентимиз Ислом Каримов бугун Оқсаройда бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Давлатимиз раҳбарининг фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга катта ҳисса қўшган, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатган, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
Оқсаройда 5 декабрь куни ана шу юксак мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлди.
– Авваламбор, сиз, азизлар билан бугун мана шундай яхши кайфиятда шу муҳташам залда кўришганимдан, сизларга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромимни изҳор этишдан хурсандман, – деди Ислом Каримов. – Сизларга маълумки, одатга айланиб қолган анъанага кўра, ҳар йили Конституция куни арафасида Ватанимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган юртдошларимиз билан учрашиб, уларни шу буюк сана билан табриклаш, ана шу мукофотларни топширишни ўзим учун ҳақиқатан ҳам катта шараф, деб биламан.
Шу билан бирга, сиз, азизлар қатори давлат мукофотлари билан тақдирланган барча ватандошларимни ғойибона бўлса ҳам бағримга босиб, муборакбод этиш менга чуқур мамнуният етказади, қувончимга қувонч бағишлайди.
Биз жаҳондаги энг ривожланган давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, халқаро майдонда Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтириш каби олий мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз. Ана шу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, белимизни маҳкам боғлаб, олдимизга қўйган вазифаларни амалга ошириш, марраларни эгаллашга барча кучимизни сафарбар қилишга интилмоқдамиз, деди Президентимиз.
Бунинг тасдиғини охирги 10 йилда дунёдаги камдан-кам давлатлар қаторида Ўзбекистонимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани мисолида кўриш мумкин. Жаҳонда ҳамон давом этаётган иқтисодий инқироз оқибатида кўпгина давлатларда иқтисодий ўсиш пасайиб, ҳатто ривожланишдан тўхташ ҳолатлари юз бераётган бир пайтда мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланиб бораётгани, янги – 2015 йилда ҳам бундай ўсиш суръатлари давом этиши кутилаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлаб, кўпгина давлатларнинг ҳаваси ва ҳайратини уйғотмоқда.
Иқтисодиётимизнинг барча тармоқ ва соҳаларида илгари мисли кўрилмаган натижаларга эришмоқдамиз. Қишлоқ хўжалигини оладиган бўлсак, миришкор деҳқонларимиз бу йилги мавсумда табиий ва иқлим қийинчиликларига, сув тақчиллигига қарамасдан, қаҳрамонона меҳнат қилиб, 8 миллион 50 минг тонна ғалла, 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этгани, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиргани ҳар қандай таҳсин ва тасаннога муносибдир, деди Юртбошимиз.
Ана шундай ютуқларимиз қаторида юқори технологияларга асосланган, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ўнлаб, юзлаб саноат корхоналари, магистрал йўл ва кўприклар, замонавий транспорт-коммуникация тармоқлари, шифохоналар, мактаб, лицей ва коллежлар, маданият ва спорт масканлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилаётгани, кенг кўламдаги ободончилик ишларимиз – буларнинг барчаси ўтиб бораётган 2014 йилнинг эл-юртимиз ҳаётида нақадар ёрқин из қолдираётганидан яққол далолат беради.
Иқтисодиётимизда тобора ҳал қилувчи ўрин эгаллаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, сервис ва хизмат кўрсатиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида аввал тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган юксак натижаларга эришаётганимиз ҳақида кўп гапириш мумкин.
Кейинги йилларда шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, янада гўзал ва обод бўлиб бораётгани ҳақида сиз, азизларнинг ҳар бирингиз ўзингиз яшаб турган ҳудуд ҳаётидан кўплаб мисолларни келтиришингиз мумкин.
Айниқса, нафақат мамлакатимиз, балки хорижий давлатларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётган дастуримиз, яъни қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида шу йилнинг ўзида 11 мингта шинам уй-жой барпо этилгани қанча-қанча оилаларга хурсандчилик бағишлагани, уларнинг турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши билан эътиборлидир, деб таъкидлади Ислом Каримов.
Биз учун энг муҳим, энг устувор вазифа бўлган ёш авлодимизни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш, инсон саломатлигини асраш борасида ўзини аямасдан, жонбозлик кўрсатиб келаётган устоз ва мураббийлар бўладими, шифокорларимиз бўладими – уларнинг олийжаноб меҳнатини бугун албатта ҳурмат билан тилга оламиз.
Шулар қаторида илму фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида, халқимиз маънавиятини юксалтириш бўйича жорий йилда эришган ютуқларимиз Ватанимизнинг шон-шуҳратини бутун дунёга тараннум этишга улкан ҳисса бўлиб қўшилганини таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда орамизда шундай инсонлар борки, мамлакатимизни барқарор суръатлар билан ривожлантириш, юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, эркин ва обод ҳаёт барпо этишда, тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашда уларнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир, деди Президентимиз.
Бу борада маҳалла, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари фаолларининг ҳиссаси ғоят катта экани барчамизга яхши аён.
Бизнинг тинч ва осуда ҳаётимизни, мусаффо осмонимизни кўз қорачиғидек асраб келаётган, бугунги нотинч ва таҳликали бир вазиятда шу йўлда кўкрагини қалқон қилишга тайёр бўлган мард ва жасур ҳарбийларимизнинг машаққатли ва шарафли хизматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Мана шундай довюрак, ботир ўғлонларимизнинг шонли меҳнатини эъзозлашимиз, қадрлашимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.
Сўнгра Президентимиз давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
– Бугун сизларнинг ҳар бирингиз учун ҳақиқатан ҳам унутилмас кун, қутлуғ айём, – деди Ислом Каримов. – Ватанимизнинг сизларга берилган нуфузли мукофотлари халқимиз, давлатимизнинг барчангизга билдирган юксак ишончидан, олийжаноб меҳнатингиз муносиб қадр топганидан далолат беради.
Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган барча-барча юртдошларимизга, сиз, азизларга айтадиган табрик ва тилакларим: бундай юксак унвон, орден ва медаллар ҳаммангизга буюрсин, янги ютуқ ва омадлар, бахт, соғлик-саломатлик, файзу барака келтирсин. Юртимиз, элимиз омон, осмонимиз мусаффо бўлсин, деди пировардида давлатимиз раҳбари.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққан Ўзбекистон Қаҳрамони, Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди» фермер хўжалиги бошлиғи Абдимурод Бозоров, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Республика Маънавият тарғибот марказининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Шарап Уснатдинов, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Иқбол Мирзо, “Дўстлик” ордени соҳибаси, гимнастика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабининг бадиий гимнастика бўйича мураббийи Татьяна Роговая, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази бўлим мудири Зайниддин Низомхўжаев, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонандаси Озодбек Назарбеков давлатимизнинг ушбу юксак мукофотлари бундан буён ҳам Ватан тараққиёти йўлидаги фидокорона меҳнатни янада юқори суръат ва шижоат билан давом эттиришга ундашини, янги марраларни эгаллашга илҳомлантиришини таъкидладилар, юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдирдилар. 

    Бошқа янгиликлар