Мамлакатимизда барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари тизимини ҳам такомиллаштириш, уларнинг қуйи бўғинларини аҳолига янада яқинлаштирган ҳолда мустаҳкамлаш, “Жиноят ҳақиқати ва адолати”, “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган тамойилларни қарор топтириш кўп жиҳатдан, соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишга боғлиқ ҳисобланади.
Ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ўтган 11 ой мобайнида ўтказилган ўқув йиғинларида қарийб 6500 га яқин ходимлар қатнашиб, ўз малакасини оширди.
Жорий йилнинг 1-17 июль кунлари Институт томонидан Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг жиноят-қидирув бўлимлари бошлиқлари, хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати тезкор ва профилактика ходимлари, навбатчилик қисмлари ходимлари ва профилактика инспекторлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, машғулотлар мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан ички ишлар идоралари фаолиятидаги илғор тажрибалар билан таништирилмоқда.
Таълим муассасасининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жиноятчиликка қарши курашиш, Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, Ахборот-технологиялари кафедралари профессор-ўқитувчилари томонидан назарий ва амалий машғулотлар ўқитишнинг замонавий интерфаол услублари, педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.
Сайёр ўқув йиғинларини Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Нуриддин Норматов очиб, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида бутун халқимиз учун буюк неъмат ҳисобланган “тинчлик ва осойишталикни сақлаш” масаласига бугунги кунда жамиятимиздаги энг муҳим иккита масаладан бири сифатида алоҳида эътибор қаратганлиги хусусида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган 5 та йўналишдаги ташаббусни ҳамда уларни амалга ошириш йўл-йўриқлари тизим ходимларига тушунтириб берилди.
Бундан ташқари, жойларда ўтказилаётган ушбу тадбирлар доирасида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудудий ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларни фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” мавзусида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Ўтказилган мазкур маънавий-маърифий тадбирларда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, унинг барқарорлигига ҳисса қўшиш, маҳаллаларда содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларни барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишда жамоатчиликнинг роли каби мавзулар ҳақида сўз юритилмоқда.
Шунингдек, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган, якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш ҳам амалга оширилмоқда.
Сайёр ўқув йиғинлари жойларда давом этмоқда.






