3 июль куни Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган батальон тактик гуруҳи шахсий таркибини пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Дастлаб Мудофаа вазирлиги миқёсида видеоселектор тарзида ўтган йиғилишда июнь ойи якуни бўйича округлар ичида намуна сифатида Марказий ҳарбий округ кўрсатилди. "Ҳарбий округ мазкур ютуққа эришишида оддий аскарнинг ҳам алоҳида роли бор", – дея таъкидлади Қўмондон тантанали маросимда. – "Шу боис, анъанага айланган бу каби тадбирларда Навоий, Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган офицердан тортиб, оддий аскарларгача эътибордан четда қолмайди".
- Жазирама иссиқ ёки қаҳратон совуқдами дала ўқув машғулотларида қатнашаман. Фаолликни бирор дақиқа қўлдан бой бермайман. Менга далда бериб турадиган куч, бу - ота-онамни дуоси, сафдошларимнинг қўллаб туриши, командирларимнинг ғамхўрлигидир. Энг асосийси Президентим баталъонида хизмат қилаётганим. Мана, бугун Қўмондондан пул мукофоти олар эканман, қўлимни сиқиб, "ота-онангга раҳмат, баракалла!", деган гапи мени руҳлантирди, бир оддий аскар учун бу катта шараф, – дейди шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскар А. Турсунов.
Шунингдек, тадбирда иштирок этаётган турли мутахассислик вакиллари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳисса қўшаётган нафақадаги ҳарбий хизматчилар, кекса авлод вакиллари ҳам муносиб тақдирланди.