1

Ўзбекистонда сайлов жараёнларини кузатиш учун МДҲ ижроия қўмитаси миссияси ташриф буюрди

ЖАМИЯТ 10.12.2014, 12:17
Ўзбекистонда сайлов жараёнларини кузатиш учун МДҲ ижроия қўмитаси миссияси ташриф буюрди

Шу йилнинг 8 декабрь куни Ўзбекистонга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Гаркун бошчилигида МДҲ Ижроия қўмитаси миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилар гуруҳи ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитасининг кузатувчилар миссияси парламент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёни бўйича кузатувни амалга оширади.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссиясида миссия аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайловга оид қонунлар ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётган 2014 йилги сайлов кампаниясининг ўзига хос хусусиятлари билан таништирди.

МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилар миссиясининг узоқ муддатли гуруҳи аъзолари, шунингдек, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар яратилгани ҳақида маълумотга эга бўлишди.

Тадбирда таъкидланганидек, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди ва кузатувларни ташкил этиш билан боғлиқ барча тадбирларни ўтказади. Миссия штаби сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни йиғиш, ишлаш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма ОАВда чиқаётган янгиликларни мониторинг қилиш, сиёсий партиялар сайловолди штаблари раҳбарияти, депутатликка номзодлар билан учрашувлар ўтказиш, кузатувчиларни ҳудудларга юбориш ва уларнинг иш тартибини белгилаш каби вазифаларни амалга оширади.

Тадбир якунида меҳмонларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқини берадиган тегишли намунадаги мандатлар топширилди. Бу ҳақда uz24.uz нашри 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабарлари таяниб маълумот бермоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1