1

Телетомошабинлар "Mening Yurtim" телеканали дастурларини шакллантиришда иштирок этади

ЖАМИЯТ 12.12.2014, 11:41
Телетомошабинлар "Mening Yurtim" телеканали дастурларини шакллантиришда иштирок этади

2014 йил 12 декабр куни соат 16.00 “Dedeman Silk Road Tashkent” меҳмонхонасида VI Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали ғолибларини тақдирлаш ва  17:00да янги ёшларга мўлжалланган "Mening Yurtim"-"MY5" телеканали дастурлар жадвали лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтади.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар вакиллари,  нодавлат телерадиостанциялар раҳбарлари, ижодий гуруҳлари, маданият ва санъат ходимлари, ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирок этади.

Тадбир ташкилотчилари: Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича Парламент комиссияси, Ёшлар маданият ва санъат маркази, “Камолот” ЁИҲ ҳамда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси.

Электрон ОАВ ижодий ва техник ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, уларда эфирга узатилаётган телерадиомаҳсулотлар сифати ва даражасини юксалтириш, эфир дастурларини ижтимоий аҳамиятга эга реклама билан бойитиш  мақсадида 2008 йилдан буён Ассоциация томонидан маҳаллий ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали ўтказиб келинмоқда.

ЎзЭОАВМА фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган “Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун” деган ғояга асосланган ҳолда ҳудудий телестанциялар ижодий гуруҳларини ижтимоий-аҳамиятли медиа-маҳсулотларни тайёрлаш борасида қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришдир. 

Танлов мавзусининг долзарблиги, Ҳакамлар ҳайъатининг холислиги, кенг жамоатчиликнинг фикр-муносабатлари мана 6 йилдирки, фестивал муҳим медиа- воқеа сифатида эътироф этилмоқда ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда давлат, жамоат ҳамда хорижий ташкилотлар имконият ва кучларини бирлаштирмоқда.

Миллий фестивалга тайёргарлик жараёнида ташкилий қўмитага миллий ва умуминсоний қадриятларни, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни ёши улуғларга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш, атроф-муҳит ҳақида қайғуришга йўналтирилган 1200дан ортиқ теле-радиороликлар келиб тушди. Шу йилнинг ўзидаёқ, 350 дан ортиқ теле ва радио роликлар тайёрланди ва улар кабел студиялари ҳамда нодавлат телерадиостанциялар орқали 90 000мартадан кўпроқ эфир юзини кўрди.

Фестивалнинг аҳамиятли томони шундаки, ғолиблар тўғридан тўғри онлайн-электрон овоз бериш йўли билан аниқланади. Ҳар учала номинация Ҳакамлар ҳайъати таркибига давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари киритилган.

Фестивал якунида 2014 йилнинг 12 ноябрида техник синов эфирини бошлаган “Mening Yurtim” - “MY5" телеканалининг кейинги 90 кун давомида эфирга узатилиши режалаштирилаётган дастурлар жадвали лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтади. Синов эфирининг иккинчи босқичида телетомошабинларнинг медиа-контент ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари ўрганилиши мўжалланган ва шу асосида телеканал дастурлар жадвали шакллантирилади.    

Бу жараёнда телетомошабинлар аудиториясига ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш ва бу борада ахборот беришга йўналтирилган муаллифлик лойиҳалари, ахборот дастурлари ва бошқа контентни муҳокама қилишга таклиф этилади. Ушбу акциядан кўзланган асосий мақсад – “MY5” эфири учун Ўзбекистон Республикаси миллий аудиторияси манфаатларини қониқтирувчи  оригинал телемаҳсулотларни тайёрлашни рағбатлантиришдир.

Пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилоятининг 5 миллионлик аҳолиси эътиборига сутка давомида ўзбек ва бошқа тилларда ёшлар ижодий гуруҳлари, бошқа ижодий студиялар ҳамда “Бунёдкор” ёшлар телеклуби томонидан тайёрланган 20 соатлик қизиқ ва креатив медиа-маҳсулотлар таклиф қилинади.   

“Mening Yurtim” телеканалининг дастлабки контенти – бу “MY5-NEWS”, “Сирдошлар”, “5+5”, “Топ-дизайнер”, “Бешинчи фасл”, “Кинолайф”  каби янги телеканал дастурлар жадвалида муқим ўринларга талабгорлик қилаётган информацион ва маданий-маърифий дастурлар ҳисобланади.

Телетомошабинларга “Mening Yurtim” телеканали синов эфири даврида намойиш этиладиган кўрсатувлар ҳақидаги ўз фикр-муҳозаларини ҳамда таклифларини билдириш орқали канал медиа-контентини шакллантиришда “MY5”нинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси, 230-59-88 телефон рақами ҳамда яқин кунларда иш бошлаши кутилаётган my5.uz электрон сайти орқали иштирок этиш имконияти тақдим этилмоқда.

Шу билан бирга, сўровнома жараёнида телеканалнинг жаҳон ва миллий кинематографлари томонидан суратга олинган энг яхши бадиий фиьмлар, телесериаллар ҳамда мультфильмлар киритиладиган дастурлар жадвали ҳам шакллантирилиб, янада такомиллаштирилиб борилади.

“MY5”нинг ёш жамоаси мусиқий блокларнинг аудитория диди ва қизиқишларига мос келиши устида иш олиб боришади: мумтоз мусиқадан тортиб, то энг сўнгги music-трендларгача. 

“Mening yurtim” ижтимоий рекламани фаол эфирга узатувчи ягона телеканал бўлишга ҳаракат қилади. Бироқ “MY5”нинг якуний дастурлар жадвали телетомошабинлар томонидан қабул қилинади ва уларнинг танлови эса келаётган баҳор фаслининг илк кунларида маълум бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1