БМТ Жануби-Шарқий Осиёда жиноий гуруҳлар томонидан ишлаб чиқарилаётган наркотик моддалар миқдори ортиб бораётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Вести нашри.
Ташкилот ҳисоботига кўра, минтақадаги наркотик моддалар бозорининг ҳажми 60 млрд. доллардан ортиқни ташкил этади. Биргина Тайланднинг ўзида 2017–2018 йиллар давомида қўшни Мьянмада ишлаб чиқарилган метамфетаминнинг 50 фоизи мусодара қилинган. Бироқ бу ҳолат Тайландда наркотиклар нархларига мутлақо таъсир этмаган. Нархлар ҳамон 20 йил аввалги кўрсаткичларда сақланиб турибди.
Гиёҳванд моддалар бозори кенгайишда давом этмоқда, сабаби ишлаб чиқариш ҳажми жуда юқори. Гонконг, Макао, Тайван ва Тайланддан бўлган жиноий тўдалар саноат миқёсида Мьянмада метамфетамин ишлаб чиқаришмоқда. Шундан сўнг тайёр маҳсулотни бутун минтақа бўйлаб, жумладан, Япония ва Янги Зеландияга ҳам экспорт қилишмоқда.