1

​Собиқ оқсоқолнинг сояси

МУТОЛАА 16.08.2019, 11:37
​Собиқ оқсоқолнинг сояси

(Фельетон)

...Айрим ҳокимларнинг ўзлари бош бўлган ҳудудда қонунларни менсимай, ўзбошимчалик билан кўнглига келган ишни қилишаётгани фуқаролар норозиликларига сабаб бўлаётгани ҳақида кўп ёзишяпти. Энди ҳоким – ҳоким-да! Ўз номи билан, инон-ихтиёри билан, қўл остидаги идоралар раҳбарларининг “Лаббай!” деб қўл қовуштириб туришлари билан. Чидаймиз-да! Аммо, ана шу “лаббай”чилардан бири ҳаддидан ошса... одамлар чидамас экан.

Исботми? Эшитинг! Камина ҳам буни ана шундай норози бўлган икки фуқаро суҳбатига қулоқ тутиб, эшитиб, уларнинг қўлларидаги, ўзларининг ибораларича “бир пулга қиммат бўлиб қолган ҳужжатлар”ни кўриб, кейин қоғозга туширдим.

Оллаберган Эрназаров анча йиллар Хоразм вилояти, Янгиариқ туманидаги Остона қишлоқ фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаган, шу даврда оқсоқол деб ном олган. Авваллари ҳам колхозда бригадирлик қилиб, элнинг...йўғ-е ерларнинг пасту баландини яхши билган. Имкони келганда...

Ана бошладик.

...Остона қишлоғининг “Чақир” маҳалласида жойлашган 27-сон умумтаълим мактаби ҳудудига кирувчи ер майдонида фуқаролар Алишер Эрназаров, Малоҳат Эрназарова ва Анвар Йўлдошевлар ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилишлар қилишади. (Ажабланманг, мазкур мактаб ҳудудини белгиловчи иккита кадастр ҳужжатининг мавжудлиги оқсоқолга қариндош бу фуқароларга қонунни бузиш учун имкон яратиб берган). Бу масала вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилади. Ушбу ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича туман архитектура бўлими томонидан 2018 йил 4 январда туман аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормаларини ва қоидаларининг қатъий бажарилишини назорат қилиш бўйича доимий комиссия раис номига тақдимнома киритади ва бу ноқонуний қурилмаларини бузиш тўғрисида ҳал қилув қарор чиқариб бериш учун фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига даъво аризаси берилади. Аммо, қурилишлардан бир ғишт ҳам кўчирилмайди. Тегишли ташкилотларнинг бу борадаги бир қанча огоҳлантириш хатлари ҳавода қолиб кетади. Ноқонуний қурилишлар шунча огоҳлантирилишлардан сўнг бузилиш ўрнига қайта қад ростлайди. Сабаби бу фуқаролар ортида уларнинг мустаҳкам тоғи, собиқ бўлса-да, ҳеч кимга бўйсунмас оқсоқол турарди-да!

О.Эрназаровнинг оқсоқоллик даврида қишлоқда туман ҳокими қарорисиз юзлаб турар жойлар қурилганига нима дейсиз? Яхшиямки, Президентимизнинг ана шундай ноқонуний қурилган иморатларга нисбатан берган бир марталик амнистияси туфайли бу турар жойларга кадастр ҳужжатлари ишланди. Аммо, ҳаммасига эмас. Нега? Билолмадик!

Фақат шуларми дерсиз? Бу ҳали ҳолва! Мазкур маҳалланинг “Ҳаётобод” кўчасида намунали турар жойлар қурилиши бошланганида оқсоқол бундан қуруқ қолмаслик йўлларини ахтаради ва озмас – 1200 квадрат метр ер ўрнини “олади”. Нега олади сўзини қўштирноққа билан ёздик? Сабаби шаҳарсозлик меъёрлари орасида лойиҳалаштирилган намунали турар жойлар оралиғида шунча жой қолдирилган... ва бошқа фуқароларга “совға қилинган”. Улар эса иморатларини хом ғиштдан тиклашган. Хом ғиштлар сувоқ қилингач, гўё пишиқ ғиштдан қурилган иморатлар қаторига ўтган. Бу “намунали турар жой ҳудудидан ер ўғирлаш операцияси”га эса фуқаро Адолат Полвонова бош бўлади. Адолат Полвонова – оқсоқолнинг турмуш ўртоғи.

Мазкур ноқонуний қурилишларни тўхтатиш тўғрисидаги мутасадди ва ҳуқуқ органларининг қатор огоҳлантиришлари... ҳавода қолиб кетаверган.

Қишлоқдаги фермерларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнида 300 квадрат метр ер атрофини девор пахса ургани, қишлоққа бораверишдаги 66-контурда нотурар жой қуришни ўзбошимчалик билан бошлагани учун ҳам О.Эрназаровга огоҳлантиришлар берилган. Аммо... ана сездингиз... бу огоҳлантиришлар бир чақага қиммат бўлиб қолаверган.

Ўтган йили август ойида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, туман ирригация бўлими ва туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассислари фуқароларнинг ўз томорқаларидаги экинларини суғоришга қийналишаётгани, “Адолат Бекзод” фермер хўжалиги эса ҳеч қандай ҳужжатларсиз 3.4 гектар майдонда сунъий ҳовуз қазиб, балиқ боқаётгани, барча сув шу ҳавзага кетаётгани ҳақидаги арзларини ўрганиб, айнан ноқонуний тарзда сунъий ҳовуз ташкил қилингани ва бу билан 1.8 гектар ер майдони мутлақо яроқсиз ҳолга келтирилгани сабаб давлатга жами 44 миллион тўрт юз йигирма минг уч юз эллик саккиз сўм зарар етказганини аниқлашади...ва бу ҳужжатлар ҳам қайсидир идораларнинг ғаладонларида қолиб кетади.

Ва яна Р.Эрназаров “Адолат Бекзод” фермер хўжалигининг 6.9 гектар ер майдонига ўзбошимчалик билан шоли экади ва 3 гектарини заҳкашдан суғоради. Бу билан ер таркиби бузилиб, яроқсиз ҳолга келади. Бу иши учун унга маъмурий жавобгарлик иши қўзғатилади. Яъни, бу шахс сувдан қуруқ чиқиб кетади. Фамилиядан Р.Эрназаров ортида ким турганини билиш қийин эмас. Яна айни шу пайтда собиқ оқсоқол туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси вазифасида ишлаётганини айтсак... раҳбарнинг ўзи шунча қонунни бузсаю, бошқа фермерлардан қонунийликни қандай талаб қилганига ҳайрон қоласан киши.

Ана шу текширишлар давомида О.Эрназаров ўз аризасига биноан ишдан бўшайди, яъни маълум вақт панада туришни маъқул кўради.

Фуқаролар аризалари юзасидан вилоят прокуратураси ўтказган текширишлар якунига етмагани ва вақт келиб... О.Эрназаров янада каттароқ мансабга лойиқ кўрилгани ажабланарли. Бу собиқ оқсоқолнинг ортида кимлардир турганмикан, деган гумонга олиб келади. Бўлмаса, бир эмас, икки эмас, қанчалаб қонунларни бузган, давлат ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган, бунга оила аъзоларини ҳам жалб қилган, оқсоқоллик мансабидан ўз манфаати учун фойдаланган О.Эрназаров ҳеч бало кўрмагандек юрмасди.

...О.Эрназаров оқсоқоллик пайтида қонунбузилишларга йўл қўйгани, давлат ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани, ерларнинг тузилишини бузгани, қанчалаб зарар етказгани учун вақтида муносиб чора олса, адолат қарор топса... у бугун эски “хасталиги” қўзиб, яна қилмишларини бошламаган бўларди. Айнан ўзбошимчалик билан қаздирган сунъий кўлни амалдаги йилда яна кенгайтиргани, яна шоли экиб, атрофидаги фермерларга тегишли сувни истеъмол қилаётгани, уларга бир томчи сув бермаётгани ҳақдаги янги миш-мишлар яна ўрлаб кетмаган, тағин О.Эрназаров устидан жабрдийдалар турли идораларга аризалар ёзишмаган бўларди.

...Қишлоқдаги “Хушнудбек” фермер хўжалигининг 6.9 гектар ер майдони тўрт йил олдин ҳоким заҳирасига олинади ва кейинчалик яна фермерга қайтариб берилади. Аммо, муқаддам 6.9 гектар бўлган ер майдони бу сафар 5.3 гектарга “тушиб қолади”. Қолган 1.6 гектари осмонга учдими дерсиз? Йўқ, учмаган, айнан ноқонуний тарзда О.Эрназаров томонидан олдин ташкил қилинган сунъий ҳовузга “қўшилиб кетган”. Гўё ернинг оёғи бор-у, ўзи секингина ҳовузга бориб қўшилган.

“Хоразм” МЧЖнинг чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган ёрдамчи хўжалиги Остона қишлоғида 13 гектар ер майдонига эга. Бу ер майдонларида беда, қора кунгабоқар, маккажўхори ва иккинчи экин сифатида шоли парваришланяпти. Шу йилнинг 23 июль куни О.Эрназаров мазкур майдонларни суғориш учун ўрнатилган, ариққа ташланган қувурларни техника ёрдамида буздириб ташлатади. Оқар сувни нега қизғанди, дерсиз? Сабаби, ўзининг сунъий ҳовузи ва шолисини роса сувга бўктириш учун. Тадбиркорларнинг сувсиз экинлари қуриб қолаётгани уни мутлақо қизиқтирмайди.

Ҳа, яна бир гап. О.Эрназаров раҳбар бўлган идорадаги бир эмас, учта экскаватор мана, уч ойки, нима иш билан машғуллигини ўзидан бошқа биров билмайди. Бу ёқда сув ва зах йўлларини қазиш, тозалаш “унут бўлиб” кучли техникалар чакана ишларга юборилган.

...О. Эрназаров ҳақда шуларни ёзаяпмизу...бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқиб кетар, ҳуқуқ органлари, айниқса прокуратура бу масалага яна кўз юмар, деган ҳадигимиз ҳам йўқ эмас. Ахир айнан вилоят прокуратураси ўтган йилларда ана пишай, мана пишай деб турган “ош”ни (“иш”ни деб ўқинг) чала қолдириб, қай бир ғаладонга ағдариб ташлаганди. Бунга сабаб... собиқ оқсоқолнинг соясидан қўрқишми ёки?..

Бу ёғини билмадик. Буни аниқлайдиган тегишли идоралар топилар, деган умиддамиз. Акс ҳолда, ҳар қандай жазосиз қолган қонунбузилиш янгидан янгиларини бошлаб келиши, бошқаларга “ибрат” бўлиши мумкин.

МирзоДЕВОНИЙ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1