2014 йил 12 декабрдаги Ўзбекистон Президентининг Фармойишига мувофиқ, “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича республика Комиссияси ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Фармойишда қонунчилик, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, ёшга оид касалликлар, жумладан, кўриш ва эшитишнинг заифлашуви каби касалликлар профлактикаси ҳамда кекса авлод вакилларини соғломлаштириш тадбирларини янада такомиллаштириш каби кенг миқёсдаги масалаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, кексалар учун қулайлик туғдирувчи, шу жумладан, улар турли ҳил маълумотнома ва тасдиқловчи хужжатларни олишларида барча қулайликларга эга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш, кўриш, эшитиш ва харакатланишида муаммоси бор инсонларни реабилитациянинг техник ва бошқа ёрдамчи воситалари билан таъминлаш каби тадбирлар ҳам эътиборга олинган.
Дастурни шакллантиришда кекса авлод вакилларининг ҳар бир ёш тоифасининг индивидуал эҳтиёжларига ҳам эътибор қаратилади: Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифига кўра, 60 ёшдан 74 ёшгача бўлган аҳоли - кексалар, 75 ёшдан 89 ёшгача бўлган аҳоли - қариялар, 90 ва ундан ортиқ ёшдагилар узоқ умр кўрувчилар ҳисобланади.
Кекса авлод вакилларининг мароқли хордиғини ташкил этиш масалалари ҳам муҳим ўрин тутишини инобатга олган холда, уларнинг қизиқишига мос кўрсатувлар, спектакллар ва фильмлар намойишини кўпайтириш, янги кўнгилочар ва маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Жисмоний фаолик – узоқ-умр кўриш ва кексалик гаштини суришнинг кафолатидир, шу сабабли дастурда кекса авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларга етарли шарт-шароитлар яратиш, уларга мос сайёҳлик хизматларининг тури ва шаклини кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Ҳозирги кунда “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбкистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон “Ногиронлар” жамияти, ЎзННТМА ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари Дастур лойиҳасини тайёрлашда фаол иштирок этмоқда.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан ногиронлар аравачалари, эшитиш ва харакатланиш мосламалари, кўзи ожизлар учун хасса ҳамда ёзув жиҳозлари, хожатхона ва ювиниш хоналари учун махсус курси ва стуллар, кўчма пандуслар, махсус кўтариш мосламалари рўйҳати тузилмоқда. Шунингдек, вазирлик томонидан ёлғиз кексалар учун кўрсатиладиган моддий ёрдам (жумладан, ҳар ой бериладиган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар) турини кенгайтириш ва сифатини ошириш, ўта оғир касаликка чалинган ва прогнози нохуш беморларга махсус паллиатив (хоспис) хизмати кўрсатиш бўлимларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.





