1

ОАВ ходимлари Ўзбекистоннинг бу йилги энг яхши мураббийи ва футболчисини аниқлаб беради

СПОРТ 22.12.2014, 18:10
ОАВ ходимлари Ўзбекистоннинг бу йилги энг яхши мураббийи ва футболчисини аниқлаб беради

Ўзбекистон футбол федерацияси 2014 йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчисини аниқлаш бўйича Республика бўйлаб сўровнома бошланганини эълон қилади, дея ёзмоқда uz24.uz нашри.

Сўровномада Ўзбекистон ва чет элдаги оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган журналист, колумнист ва ньюсмейкерлар, шунингдек, спорт блогерлари иштирок этишлари мумкин. Техник ходимлар (режиссёр, оператор ва ҳк.) иштирок эта олмайди. Шунингдек, футбол клублари ва терма жамоаларнинг матбуот котиблари ҳам овоз бериш жараёнида қатнашмайди.

Футбол клубларининг матбуот хизмати ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга. Бунда матбуот хизмати ходимлар сонидан қатъий назар, битта овозга эга бўлади ва унда шахс номи эмас, клуб матбуот хизмати овоз эгаси сифатида кўрсатилади. Клуб матбуот хизматида ишлайдиган ходим бошқа ОАВ номидан овоз бера олмайди.

Ҳар бир журналист 3 нафар мураббий ва 3 нафар футболчини мукофотга лойиқлик даражаси бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга қўйиб чиқади.

Йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчиси номи (икки алоҳида номинация ҳисобланиб) умумий баллар йиғиндисига қараб аниқланади.

Иштирокчи Ўзбекистон терма жамоасида ўйнайдиган, шунингдек, хорижда тўп сураётган ўзбекистонлик легионерлар ва Ўзбекистоннинг футбол клубларида ўйнайдиган ўзбекистонлик футболчиларга, Ўзбекистон ва хорижда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик  мураббийларга овоз бериши мумкин. Ўзбекистон лигасида ўйнайдиган ўзбекистонлик бўлмаган хорижлик легионерлар сўровномада иштирок эта олмайди.

Овоз бериш жараёни 2015 йилнинг 10 январига қадар давом этади. Тўлиқ маълумотларни ЎФФ Матбуот хизматидан олиш мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1