Яқинда Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ниҳоясига етган бокс бўйича жаҳон чемпионатида миллий терма жамоамиз аъзолари ватанпарварлик намунасини кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашганди.
Албатта, спортчиларимизнинг эл-юрт шаъни ва обрўйини дунё миқёсида кўкларга кўтариш йўлидаги меҳнатлари беэътибор қолмади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, уларнинг мураббийлари фахрий унвон ва медаллар билан мукофотланди. Шунингдек, боксчиларимизнинг барчасига Президент совғаси – пул мукофоти ва автомобиллар топширилди.
Бундай юксак шарафга сазовор бўлганлар орасида Паҳлавон Маҳмуд, Жалолиддин Мангуберди каби буюк сиймолар таваллуд топган замин - Хоразм воҳасининг мард ва жасур ўғлони Дилшодбек Рўзметов ҳам бор бўлиб, ҳукуматимиз томонидан “Келажак бунёдкори” медалига лойиқ кўрилди. Шунингдек, Президентимиз совғаси 6 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти ва “Gentra” автомобили билан тақдирланди.
Дилшодбек Хоразм вилоятида катта шодиёна билан кутиб олинди. Урганч ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг “Бокс маркази” хиёбонида бўлиб ўтган тантанада сўзга чиққан Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов мамлакатимиз боксчиларининг катта ютуғига ўзининг муносиб улушини қўшган хивалик Дилшодбек Рўзметовга “Spark” автомобили, унинг мураббийи Илҳом Саъдуллаевга замонавий русумдаги телевизор совға қилди.
Ўз навбатида Рўзметов кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликлар учун ҳукуматимизга, хусусан, Президентимизга миннатдорлик билдириб, келаси йили Токио шаҳрида уюштириладиган ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиб, ушбу йирик спорт анжуманининг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишга ваъда берди.