Китобнинг оти ва унинг довруғи
“Қутадғу билиг” деган номдаги қут сўзи – “қут, бахт; давлат” маъносида; -ад – феъл ясовчи; -ғу – сифатдош қўшимчаси; қутадғу – “қутлантирувчи, бахтга элтувчи” дегани; билиг – “билим; асар, китоб” англамида. Шуларга кўра, асарнинг оти “Бахтга элтувчи, қут бергучи билим” / “Бахтга элтувчи китоб” маъноларини англатади.
“Қутадғу билиг”нинг насрий муқаддимасида туркий тилда бу китобдан яхшироқ асар йўқлиги, Шарқ элларида у турли номлар билан шуҳрат қозонгани таъкидланади.
Ўша битилганларнинг мазмуни шундай: “Чину Мочин олимларининг бари иттифоқ бўлдиларким, Maшриқ вилоятида, бутун Tуркистон элларида Буғрахан тилинча, турк луғатича ҳеч кимса ушбу китобдан яхшироқ тасниф қилган эмас. Бу китоб қайси подшоҳлиққа, қай бир иқлимға етган бўлса, ғоят яхшилиғидан, ниҳоятда ортиқ жозибалилигидан ўша элларнинг донишмандлари, олимлари қабул қилиб, ҳар бири бир турли от-лақаб қўйдилар: чинлиғлар “Адабу-л-мулук” (“Маликлар одоби”) от бердилар; Mочин маликининг нодимлари “Айину-л-мамлакат” (“Мамлакатнинг кўзи”) атадилар; машриқлиғлар “Зийнату-л-умара” (“Олимлар зийнати”) деб айтдилар; эронлиғлар “Шаҳнама-йи туркий” (“Туркий Шоҳнома”) дедилар, баъзилари эса “Панднама-йи мулук” (“Маликлар пандномаси”) демишлар; туронлиғлар “Қутадғу билиг” (“Қут бергучи билим”) деб аймишлар”.

Ушбу маълумотлар ўтмишда асар ғоят довруғ қозонгани, унинг қўлёзмалари кенг тарқалганлигига далил бўла олади. Шунга кўра, асарнинг илкин нусхаси хонга тортиқ қилинган. Китоб бутун машриқ, турку чин элларида шуҳрат қозонгандан сўнг, унинг янги-янги қўлёзмалари юзага кела бошлади. Китобнинг довруғи, турли отлар билан аталгани тўғрисидаги маълумотларга таяниб айта оламизки, “Қутадғу билиг” ўрта асрларда турк дунёсидагина эмас, бутун шарқ адабиётида ўта машҳур эди. Асар қўшни шарқ элларида ҳам қизиқиб ўқилган. Ҳатто у бошқа тилларга ҳам таржима қилинган бўлиши мумкин.
Яна бир жиҳати, асар туркий дунёда “Қутадғу билиг” дейилган, бошқалари эса унга қўшни элларда берилган отлардир.

Асарнинг тузилиши ва жанр хусусияти
“Қутадғу билиг” ўн уч минг мисрадан ортиқ.
Асар насрий муқаддима билан бошланган. Унда тангрига ҳамд, ялавоч алайҳис-салом ва унинг тўрт эшига наът айтилиб, сўнг китобга от берилиши ва унинг хонга тортиқ қилингани, асар хонга маъқул тушиб, унинг муаллифини юксак лавозимга қўйганлиги, асарда қатнашувчи рамзий қаҳрамонлар, улар ўртасида савол-жавоб, мунозара боражаги тўғрисида сўз юритилади.
Насрий муқаддимадан кейин 77 байтли шеърий муқаддима келади. Унда ҳам насрий муқаддимада айтилган гаплар, лекин энди шеърий йўл билан бирма-бир баён қилинади.
Мазмуни ва баён услубига қараганда, насрий ва шеърий муқаддималар, чамаси, асарга кейинчалик, бошқа кимса тарафидан киритилган.
Яна бир жиҳати, насрий муқаддимада асарнинг муаллифи, унинг Кошғарда битилиб, Тавғач Буғрахонга тортиқ қилингани, китоб хонга маъқул тушгач, шоирга хос ҳожиблик лавозими берилгани тўғрисидаги хабарлар шоирнинг эмас, ўзга кимса тилидан берилиб, гапларнинг кесими ҳам шунга бўйсунган: Тавғачхан ускинга кекурмиш (Тавғачхон даргоҳига келтирибди), ати жави йазилмиш (довруғи ёйилибди) сингари. Шеърий муқаддиманинг баён услуби ҳам худди шундай.
Шеърий муқаддимадан кейин боблар мундарижаси (фиҳристи абваб) берилади. Унда асар бобларининг отлари кетма-кетликда келтирилган. Бироқ, мундарижада берилган бобларнинг сарлавҳалари ва уларнинг сони асарнинг ичида келган сарлавҳалар ва боблар миқдоридан фарқ қилади. Яна асар нусхалари ўртасидаги фарқ ҳам сезиларли. Масалан, Ҳирот қўлёзмасидаги мундарижада 73 та боб номи келтирилган, Наманган қўлёзмасида – 68 та, Қоҳира нусхасида эса 72 тадир.
Олимлар “Қутадғу билиг”даги боблар сонини 73 та деб кўрсатганлар. Бироқ, мавжуд қўлёзма нусхаларни ўзаро чоғиштириб, асарнинг йиғма матни тузилгудек бўлса, боблар сони 75 тага чиқади.
Асарнинг дастлабки ўн битта боби дебочадан иборат. Араб ёзувли Қоҳира қўлёзмасининг фиҳристида улар шундай аталган:
Тангри азза ва жалланинг тавҳидин айтур. – “Улуғ ва қудратли Тангрининг тавҳидини айтади”.
Йалавачимиз, алайҳис-салам, фазлин айур. – “Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг фазилатини айтади”.
Саҳабаларнинг, алайҳис-салам, фазлин айур. – “Саҳобаларнинг, алайҳис салом, фазилатларини айтади”.
Йаз фазлини, Буғрахан ўгдисини айур. – “Кўклам фазилатларини, Буғрахон мадҳини айтади”.
Ети кавакиб, ўн ики йулдузни айур. – “Етти кавокиб, ўн икки юлдузни айтади”.
Адам ўғли ағирлиқи билиг бирла эрдукин (айур). – “Одам боласининг қадри билим билан белгиланажагини айтади”.
Tил эрдамин, асиғин, йасин aйур. – “Тилнинг фазилати, фойдалари ва зиёнини айтади”.
Kитап идиси ўз узрини айур. – “Китоб муаллифи ўз узрини сўрайди”.
Эдгу ўт-савни сўзлайур. – “Эзгу насиҳатларини сўзлайди”.
Билиг, уқуш, илм эрдамини айур. – “Билим, заковат ва илмнинг фазилатларини айтади”.
Kитап ати, йўругин, авучғалиқни айур. – “Китобнинг оти, йўриғи ҳамда (ўзининг) қарилигини айтади”.
Ўн иккинчи бобдан бошлаб бевосита воқеалар баёнига кўчилади. Шунинг учун ҳам айни боб асарда Сўз баши деб аталган. У Кунтуғди подшоҳ, яъни адл сифатларининг таърифи билан бошланади. Мана ўша бобнинг сарлавҳаси:
Сўз баши. Kунтуғди элиг – адл сифати(ни айур). – “Кунтуғди элиг – адл сифатини айтади”.
Маснавийнинг сўнгги уч боби хотимадир. Араб ёзувли Қоҳира қўлёзмасининг фиҳристида хотима боблари шундай аталган:
Йусуф чилбаши йигитликка ўкунуп, aвучғалиғни айур. – “Юсуф чилбоши йигитликка ачиниб, (ўз) қарилигини айтади”.
Ўдлак артақи, дўстлар жафасини айур. – “Замона вафосизлиги, дўстларнинг жафосини айтади”.
Kитап идиси ўзинка панд берип, ўз узрин қулур. – “Китоб муаллифи ўзига панд бериб, ўз узрини тилайди”.
“Қутадғу билиг” – маснавийда ёзилган асар; қофияси a-a, б-б, c-c шаклидадир. Классик адабиётда воқеабанд асарлар учун шеърнинг ана шу тури танланган ва шаклидан келиб чиқиб, ўша давр адабиётшунослигида бундай асарлар “маснавий” деб юритилган.
Асар вазни арузнинг мутақориб баҳрида.
“Қутадғу билиг”нинг дебочасидаги – Тангрига ҳамд, Муҳаммад алайҳис-салом ва унинг тўрт эшларига бағишланган наътлар, кўклам фасли ва Тавғач Буғрахонга аталган боб, етти юлдуз ва ўн икки буржга бағишланган боблар қасидалардир.
Яна бир жиҳати, асар давомида, ўрни-ўрни билан, тўртликлар келтирилган. Юсуф Хос Ҳожиб муайян масала тўғрисида баҳс юритар экан, сўзининг охирида Масал келди туркча мунгар менгзатур (Бунга ўхшаш туркча мақол бор), Эшиткил неку тер бўгу билга бег (Билағон, доно бек нима деган, эшитгин), Неку тер эшит бу ажун тутмиш эр (Жаҳонгир киши нима дейди, эшитгин), Неку тер эшит эмди билги тенгиз (Билими денгиз киши нима дейди, эшит) сингари таъкидлар билан бир тўртлик келтиради ва айтилаётган фикр ана шу ўгит билан якун топади. Ушбу тўртликлар халқ оғзаки ижодидан олинган мақоллар, шарқ мутафаккирларининг ўгитларидан бўлиб, асар муаллифи уларни шеърга солган. Шоир халқ мақолларини, ўзидан олдин яшаб ўтган донишмандларнинг ўгитларини ўз сўзларига далил сифатида келтиради.
Асарнинг насрий муқаддимасида бу китоб “Чин донишмандларининг масаллари билан яратилган, Мочин донишмандларининг ашъорлари билан тартиб берилган” (Чин ҳакимларининг амсаллари бирла йарамиш, Мачин ҳакимларининг ашъарлари бирла араста қилмиш) дея таърифланганда маснавийга киритилган қадимги туркий мақоллар ва шарқ донолигининг ана шу ҳикматлар хазинаси кўзда тутилган эди.
Тўртликлар шаклидаги ушбу халқ мақоллари ҳамда ўгитларни муаллиф масал, байт, сўз, билиглиг сўзи, шаъир сўзи, ўглуг сўзи деган истилоҳ ва сифатлар билан атайди (жумладан, масал, байт, сўз – адабиётшунослик истилоҳлари, билиглиг сўзи, шаъир сўзи, ўглуг сўзи бирикмалари эса уларнинг тасвирий ифодаларидир; бу нарса “мақол”ни “оталар сўзи” дегандай гап).
Ушбу мақол ва ҳикматларни айтиб кетган кишилар ҳам маълум; улар кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, ўтмишда яшаб ўтган тажрибали донишмандлардир. Юсуф Хос Ҳожиб, фикр мазмуни билан боғлиқ равишда, уларни синамиш киши (синаган киши), синамиш қари (синаган қария), кўсамиш киши (кузатган киши), сақинуқ киши (фикр-мулоҳазали киши), сақинуқ удуғ (мулоҳазали хушёр), қилқи силиг (феъли мулойим), aжун тутмиш эр (дунёни бошқарган паҳлавон), ўзин қисған эр (ўзини тийган, қаноатли киши), Ила атлиғи (Ила сардори), aзиқлиғ кур эр (озиқли жасур эр), aтиқмиш йағичи (довруғ қозонган жангчи), шеър айғучи (шеър айтувчи), тажик билгаси (тожик донишманди), бағирсақ қадаш (меҳрибон дўст), эл-кенд беги (мамлакат ҳукумдори) сингари сифатлар билан тилга олади. Муаллифнинг урғулашича, ушбу ҳикматли сўзларни ўша донишманд кишилар айтиб кетган.
Асарнинг Ҳирот ва Қоҳира нусхаларида ушбу тўртликлар шеър деган сарлавҳачалар билан ажратиб кетилган. Наманган нусхасида эса улар зарҳал рангда битилиб, теварагидан махсус жадвалга (чизиққа) ўраб қўйилибди.
Тўртликларнинг қофияланиши а-а-а-а ёки а-а-б-a шаклларида бўлиб, кўп жиҳатдан рубоийларга яқин туради. Масалан, бахтнинг бебақолиги, давлатнинг бевафолиги хусусида сўз юритилган бобда шундай тўртлик бор (қофияси: а-а-а-а):
Эди йақши аймиш билиглиг сўзи,
Бу билга сўзи-ўл билигсиз кўзи:
Инигли ағар-ўл, aғиғли инар,
Йаруғли тунар-ўл, йуруғли тинар.
Не-ким ишлар эрса, тугали кўдар,
Tугагли тугаса, инишда инар.
(Билимлининг сўзи бу тўғрида жуда яхши айтилибди,
Билимлининг бу сўзи билимсиз учун кўздир:
Йиқилган кўтарилади, кўтарилган йиқилади,
Ёришган қоронғулашади, юрган тинади.
Нимаики иш қилинса, барини эҳтиёт қил,
Тугайдиган (нарса) тугаса, юз тубан кетади).
Ёки бошқа бир мисол (қофияси: а-а-б-а):
Mунгар менгзар эмди бу байтиғ ўқи,
Ўқиса ача берга маъни тақи:
Қамуғда қатиғрақ ўлум-ўл фирақ,
Фирақин тўкар йаш кўругли қарақ.
Tиригла фираққа висал бар умунч,
Ўлугли висалдин сезигсиз йирақ.
(Энди бунга ўхшаган ушбу байтни ўқи,
Ўқисанг, маъноси тағин очила беради:
Ҳаммадан қаттиқроқ фироқ – бу ўлимдир,
Кўрувчи қароқлар фироқ билан ёш тўкади.
Тирикликда фироққа висол умиди бор,
Ўлган (эса) висолдан, шубҳасиз, йироқдир).
Қосимжон СОДИҚОВ,
филология фанлари доктори, профессор