1

Ўзбекистон қонунчилик палатасига ўтказилган такрорий овоз бериш натижалари эълон қилинди

ЖАМИЯТ 06.01.2015, 10:56
Ўзбекистон қонунчилик палатасига ўтказилган такрорий овоз бериш натижалари эълон қилинди

2015 йилнинг 5 январь куни 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда uz24.uz хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов бошқарган брифингда қайд этилганидек, сайлов амалдаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, унда мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик ҳамда демократик тамойилларга тўла мувофиқ ҳолда ўтказилди. 

Сайлов қонунчилигига асосан такрорий овоз бериш 22 та сайлов округининг ҳар бирида асосий сайлов натижаларига кўра сайловчиларнинг энг кўп овозини олган икки нафар депутатликка номзод бўйича ўтказилди. Такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига фамилиялари киритилган 3 миллион 434 минг 345 нафар сайловчидан 2 миллион 642 минг 63 нафар сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 76,9 фоизини ташкил қилади.

Такрорий овоз бериш миллий сайлов қонунчилигининг барча қоидаларига мувофиқ умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида очиқ ва ошкора ўтказилди. Тегишли округларда депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва бу мақсадда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиши мумкин эди. Такрорий овоз беришда сиёсий партияларнинг 5700дан ортиқ кузатувчилари ва ваколатли вакиллари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси раиси брифинг қатнашчиларига маълум қилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига 150 нафар депутат, шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 52 нафар; Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 36 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 27 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар депутат сайланди. 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатининг вакилларидир. Сайланган депутатларнинг 24 нафари ёки 16 фоизи хотин-қизлардир.

Сайланган 150 нафар депутатдан 40 нафари ёки 27 фоизи илгари Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

Сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий кузатувчиларнинг фаолияти катта омил бўлиб хизмат қилди. Сайлов жараёнини 550 дан ортиқ миллий ва 120 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, 180 дан ортиқ интернет-нашрлар ёритиб борди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ 9 мингдан ортиқ материаллар эълон қилинди.

Сайловни кузатишда 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлиги ташкилотидан ҳамда 52 та давлатдан 340 дан ортиқ кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчилари ва ваколатли вакиллари иштирок этди.

Сайловларнинг демократик принциплар асосида ўтказилиши ушбу жараёнда қонун ҳужжатларига амал қилиниши барча бўғиндаги сайлов комиссияларининг уюшқоқлик билан, аник бажарган, мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига асосланган фаолияти орқали таъминланди. Бу ҳақда 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар беради.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 21 декабрдаги овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди. Шу билан бирга 21 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 15 нафар депутати сайланди.

Сиёсий партияларнинг кескин рақобати натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 та сайлов округида номзодларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун зарур овозларни тўплай олмади. Шу муносабат билан 2015 йил 4 январь куни ушбу округларда такрорий овоз бериш ўтказилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1