1

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов натижалари эълон қилинди

ЖАМИЯТ 06.01.2015, 11:44
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов натижалари эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича 22 сайлов округида бўлиб ўтган такрорий овоз бериш якунлари кўриб чиқилди, дея хабар қилмоқда ЎзА.
Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 22 сайлов округининг ҳар бирида асосий сайлов натижалари бўйича энг кўп овоз олган икки нафардан депутатликка номзодга такрорий овоз берилганини маълум қилди. Ушбу округларда сайловчилар рўйхатига киритилган 3 миллион 434 минг 345 нафар сайловчидан 2 миллион 642 минг 63 нафар сайловчи такрорий овоз беришда иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 76,9 фоизини ташкил қилди.
Такрорий овоз бериш миллий сайлов қонунчилигининг барча қоидаларига мувофиқ, умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида очиқ ва ошкора ўтказилди. Тегишли округларда депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда сайловолди ташвиқотини олиб борди ва бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланди. Такрорий овоз беришда сиёсий партияларнинг 5,7 мингдан зиёд кузатувчиси ва ваколатли вакиллари иштирок этди.
Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган округ сайлов комиссияларининг такрорий овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 22 нафар депутати рўйхатга олинди. Шу тариқа барча 135 сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови якунланди.
***
Шу куни сайловни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов сайлов миллий сайлов қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик каби демократик принципларга тўла риоя қилинган ҳолда ўтказилганини қайд этди.
2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурида кўзда тутилган ташкилий-ҳуқуқий тадбирларнинг изчил амалга оширилгани бунда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Сайловолди кампаниясида қонунчиликда белгиланган барча учун мажбурий ва бир хил норма ҳамда талабларга тўлиқ амал қилинди.
Миллий қонунчилигимизга мувофиқ, сиёсий партиялар ва улар томонидан илгари сурилган депутатликка номзодларга сайловолди кампанияси, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди дастурлари мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказиш, сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тақдим этилди.
Марказий сайлов комиссияси раиси брифинг қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови натижаларига кўра, 150 депутат, жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 52 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 36 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 27 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар депутат сайланганини маълум қилди. 15 депутат Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг вакилларидир. Сайланган 150 депутатнинг 24 нафари хотин-қизлардир.
Сайланган 150 депутатдан 40 нафари илгари Қонунчилик палатаси депутати бўлган. Бу сайланган депутатлар нафақат ўз сайловчиларининг ишончига сазовор бўлгани, балки парламент Қонунчилик палатаси фаолиятида уларнинг ҳаётий тажрибаси ва қонун ижодкорлиги бўйича амалий кўникмаларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради. 

Оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар фаолияти сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга хизмат қилди. Сайлов жараёнини 550 дан ортиқ миллий ва 120 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситаси, жумладан, 180 дан ортиқ интернет-нашр ёритиб борди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ 9 мингдан ортиқ материал эълон қилинди.
5 халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, 52 хорижий давлатдан 340 дан ортиқ кузатувчи ва депутатликка номзодларни илгари сурган сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчиси ва ваколатли вакили сайловни мониторинг қилиб борди.
Барча бўғиндаги сайлов комиссияларининг уюшқоқлик билан мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига асосланган фаолияти сайловнинг демократик принциплар асосида ўтказилиши, ушбу жараёнда амалдаги қонунчиликка риоя қилинишини таъминлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов халқимиз демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича Ўзбекистон танлаган йўлга содиқлигини яна бир бор намоён этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1