1

Мева-сабзавотга ихтисослашган барча 55 та туманда кооперациялар ташкил этилади

ИҚТИСОДИЁТ 17.10.2019, 15:37
Теглар: мева-сабзавот, кооперация
Мева-сабзавотга ихтисослашган барча 55 та туманда кооперациялар ташкил этилади

Мева-сабзавотга ихтисослашган барча 55 та туманда ўз товар белгисига эга бўлган экспортчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари иштирокида кооперациялар ташкил этилади. 

Бу ҳақда 16 октбярь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтказган чорвачилик ва боғдорчилик тармоқларини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳар бир туманда экинларни жойлаштириш кооперациялар таклифи бўйича амалга оширилади, улар боғ ва токзорларга кўчатларни етказиб бериш, ҳосилдорликни ошириш юзасидан кўмаклашади. Шунингдек, боғдорчиликка ихтисослашган ҳар бир туманда агротехник тадбирларни тўғри амалга ошириш учун ўқув марказларини очиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда чорвачилик тармоғида бажарилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилди. 2019 йилда"Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида чорвачиликни ривожлантириш учун 1 триллион 603 миллиард сўм, паррандачиликка 332 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада майда шохли чорва сони 550 минг бошга, парранда сони 6 миллион 130 мингтага кўпайди.

Йиғилишда аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қилинган ишлар етарли эмас, деб баҳоланди. Чорвачилик тармоғининг долзарб муаммоси ҳисобланган узлуксиз озуқа-ем таъминотини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди. Бугунги кунда чорвачиликда озуқага бўлган эҳтиёж фақатгина 30−35 фоизга қондирилади. Хусусан, паррандачиликда озуқанинг 85 фоизи импорт ҳисобига таъминланади.

Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир, Қўнғирот, Кегейли ва Мўйноқ туманларида 1 миллион гектар пичанзор ва яйлов ерларида 182 минг бош чорва моллари боқишга мўлжалланган 486 та лойиҳа ишлаб чиқилди.

Мутасаддиларга 2019−2021 йилларда 300−500 бош чорва боқишга мўлжалланган 270 та бўрдоқичилик комплекси ва 260 та сутчилик корхонасини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш топширилди.

Чорвачилик соҳасида маҳсулдорликка эришиш учун аввало наслчилик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Йиғилишда Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига хорижий тажриба асосида наслчиликни ривожлантириш ва маҳсулот нархини пасайтириш учун харажатнинг бир қисмини субсидиялаш механизмини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Боғдорчилик соҳасига доир масалалар ҳам кун тартибига қўйилди. Жорий йилнинг 9 ойида мева-сабзавот экспорти қарийб 1 миллиард долларга етди. Бўш ерлардан унумли фойдаланиш, талаб юқори бўлган экин навларини етиштириш натижасида келгусида ушбу кўрсаткични янада ошириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Президент бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳали талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Хусусан, Қибрай ва Тошкент туманларида мавжуд боғларнинг 912 гектари ёки 20 фоизи, токзорларнинг 164 гектари ёки 13 фоизи эски ва самарасизлиги аниқланган. Бундан ташқари, фойдаланилмаётган 1 400 гектар лалми, шунингдек ғалла экилаётган 4 040 гектар ерлар мавжуд. Ушбу туманларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи 19 та корхона 50 фоиз қувватда ишламоқда.

Йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг пировард мақсади мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказишдан иборат.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1