АсосийIqtisodiyot

Ўзбекистонда янги цемент заводи қурилмоқда

'Ўзбекистонда янги цемент заводи қурилмоқда'ning rasmi

Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида 2017 йилнинг 5 апрелида Россия ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг учрашуви доирасида “ЕВРОЦЕМЕНТ груп” холдинг ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга кўра, уюшма маъсуллигида “ЕВРОЦЕМЕНТ груп” холдинг томонидан “Оҳангаронцемент” АЖ ҳудудида қурилиш материаллари класстерини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 200 млн доллар бўлган йирик лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳага кўра, бу ерда цементдан тортиб, тайёр темир-бетон маҳсулотларигача ишлаб чиқарилади. Хусусан, йилига 144 минг куб метр бетон, 30 минг куб метр темир-бетон, цемент ва металлургия саноати учун йилига 3500 тонна оловбардош ғиштлар тайёрланади. 

Кластернинг энг йирик лойиҳаси Оҳангарон шаҳрида йиллик қуввати 3 млн. тоннани ташкил этувчи янги цемент заводидир. Заводга дунёга машҳур энергия тежамкор, инновацион Thyssen Krupp, Gebr Pfeiffer, Aumund, IKN, Fives Pillard технологиялари ўрнатилади. Бунинг натижасида энергия сарфи 2 баробарга камаяди. Шу билан бирга 400 та янги иш ўринлари яратилади. Қурилиш-монтаж ишлари 2018 йилда бошланган бўлиб, лойиҳа 2020 тўлиқ фойдаланишга топширилади. 

Айни пайтда лойиҳалаш ишлари 96, ер ишлари 98, монолит қуйиш жараёни эса 90 фоиз бажарилди. Бунёдкорлик ишлари амалга оширилгач бу ерда юқори маркали, сифатли цемент маҳсулоти ишлаб чиқарилади.

Маълумот учун: “Оҳангаронцемент” АЖ Тошкент вилоятидаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Завод йилиги 2,2 млн. тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлиб, бу Ўзбекистонда цементга бўлган талабнинг 22 фоизини ташкил этади.

Бошқа янгиликлар