1

Архидискодон музейда намойиш этилмоқда

ЖАМИЯТ 07.01.2015, 17:17
Архидискодон музейда намойиш этилмоқда

2013 йил октябрь ойида Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Овжасой қишлоғида қадимий ҳайвонларнинг суяк қолдиқлари топилган. Топилган суяк қолдиқлари хартумсимон мамонтларга тегишли дея тахмин қилинган эди. Топилмаларни қазиб олиш ишлари 5 кун давом этган бўлиб, бу ишга бутун қишлоқ аҳли жалб этилган.

Қолдиқларни ўрганиш мақсадида эҳтиёткорлик билан Геология музейига келтирилган. Музей директорининг маълумот беришича, узоқ олиб борилган изланишлар натижасида топилган суяк қолдиқлари мамонтларга эмас, балки мамонтлардан аввал мавжуд бўлган хартумсимон ҳайвонларга тегишли эканлиги айтилмоқда. Суякларни қайта тиклаш ва музей экспонатига айлантириш учун малакали мутахассислар фаолият олиб боришган. Сўнги 60 йил давомида топилган бу экспонат Янги йилда мактаб ўқувчилари ва музейга ташриф буюрувчилар учун қувонарли хабар бўлди.

Музей директорининг маълум қилишича, топилмалар архидискодонларга, яъни мамонтларга ўхшаган улкан жунли ҳайвонларга тегишли бўлган. Бош қисмидаги жунлари билан ҳисоблаганда архидискодонларнинг бўйича 4,5 метрни ташкил этган. Бу ҳайвонлар эрамиздан 2-2,5 миллион йиллар аввал яшаб ўтган ва ўт-ўланлар, дарахт барглари билан озиқланган. Архидискодонлардан кейин мамонтлар пайдо бўла бошлаган.

Қазилмаларни ўрганиш ва тиклаш мақсадида Геология музейи ҳамда Кимё ва физика институти мутахассислари узоқ вақт иш олиб боришди. Яъни, суяклар қазиб чиқарилгандан сўнг ташқи муҳитни таъсирида суяклар синиши ва бурдаланиши юзага кела бошлади. Натижада махсус қоришмалар ёрдамида суяклар тиклана бошлади. Биргина архидискодоннинг суягини тиклаш учун 40 литрдан зиёд қоришма сарф этилган. Иккинчи архидискодоннинг суякларини тиклашга ҳали кўпгина вақт талаб этилмоқда. Шу билан бирга, махсус қоришмалар ҳам икки баробар кўп сарф этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, дастлаб суякларни тиклаш учун хорижий мутахассислар ҳам жалб этилди, бироқ улар берган маслаҳатлар Ўзбекистон шароитига тўғри келмагани учун ўзимизнинг мутахассислар бу иш устида жиддий ишлашди. Ҳозирги кунда бу экспонатни узоқ муддат сақлаш учун маълум шарт-шароитларга эътибор бериш талаб этилади.

Топилма суякларни тиклашга сарф этилган маблағлар Геология давлат қўмитаси томонидан амалга оширилган. Ҳозирги кунда топилмаларнинг ёши нечадалиги устида ишлар олиб борилмоқда.

Музей директори келгусида ҳам Ўзбекистон ерларида бу каби ноёб топилмаларнинг топилишига умид боғламоқда.

12news.uz

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1