Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ахборот маконида шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, интернет ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юборишни тизимли равишда ташкил қилиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ва муҳокамага қўйилди.
Эндиликда, веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогерга Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бузувчи, шунингдек қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи умумфойдаланишдаги ахборот (мақола, материаллар, ахборотлар, маълумотлар, Интернет тармоғи фойдаланувчилари изоҳлари ва бошқалар)ларни дарҳол ўчириб юбориш учун Агентлик томонидан хабарнома юборилади.
Веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер хабарнома олинган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлган ахборотни зудлик билан ўчириб ташлаши, шунингдек бу тўғрида Агентликни хабардор қилиши лозим бўлади.
Агар ахборот ўчирилмаса, у ҳолда Агентлик веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер билан низоларни ҳал қилиш учун судга даъво киритиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 4 ноябрга қадар муҳокама қилинади






