1

ЗАЛОЛАТДАН ДАЛОЛАТ

ЖАМИЯТ 09.01.2015, 11:02
ЗАЛОЛАТДАН ДАЛОЛАТ

Сўфий табиб Нурсафардий ёки Сафарбой Кушкаровнинг диний фаолияти ва нашр қилган адабиётлари юзасидан хулосалар

Маълумки, тасаввуф инсонни маънавий юксакликка, комилликка ундайди. Баҳовуддин Нақшбанд, Нажмиддинг Кубро, Аҳмад Яссавий сингари буюк алломалар тасаввуф тарихида катта ўрин тутадилар. Мумтоз адабиётимизнинг теран илдизлари ҳам бевосита тасаввуфдан баҳра олгани ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ, бугунги кунда тасаввуф тарихи ва тартиб-қоидаларидан етарлича хабардор бўлмасдан ўзини ана шу оқимга алоқадор дея даъво қилаётган, бу борада китоблар ёзиб, кўпчиликни изидан эргаштиришга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Сапарбой Кушкаров ҳам  ўз издошлари орасида  ҳам тасаввуф, ҳам халқ табобатини билимдони сифатида анчагина довруғ таратган.

Сафарбой Кушкаровнинг тиббий фаолияти алоҳида мавзу. Бу хусусда ҳам шу соҳа мутахассислари ўз мушоҳадаларини билдиришар. Ҳозирча, фақат унинг тасаввуф борасидаги қарашларига, хусусан тариқат сифатида Нурсафардийя фаолияти, унинг тарихий тасаввуф йўналишларига нисбатан мавқеи хусусида сўз юритмоқчимиз.

Сафарбой Кушкаровнинг ёзишича,  "суфийлик тизимининг пайдо бўлиш даври Одам (а.с.)нинг учинчи ўғли Шиш (Шис а.с.)га бориб тақалади. Айнан шу даврда Аллоҳ Шишга 60 оятлик китоб жўнатди. Шундан бир қисмида илоҳга эришиш йўллари кўрсатилган бўлиб, иккинчи қисми инсон саломатлигига бағишланган. Суфийлик инсонни тўрт даражада мукаммаллика эриштириб, илоҳ билан тўғридан-тўғри муносабатда бўлиш ва ундан илоҳий амалларни олган ҳолда инсонларга хизмат қилишдир. Суфийлик айрим даврларда у ёки бу динда бўлишга мажбур бўлган. Яъни ўзини сақлаб қолиш учун. Аслида у ҳеч қандай дин ва фалсафа билан боғланмаган ҳолда мукаммал тизим сифатида пайдо бўлган".

У ўзининг Ҳиндистон, Тибет ва бошқа жойлардага қилган сафарлари, йога, ламалардан олган таълими ҳақида гапириб, "Ҳамма жойда мени Аллоҳнинг ўзи асраб, бошқа ҳеч бир илм, дин ва фалсафани тафаккуримга киргизмади ва вужудимда бўшлиқ яратиб, илҳом йўли орқали борлиғимга чуқур фалсафий хабарлар инъом этди "- дейди "Нурсафардийя илоҳий фалсафаси" китобида.

Яна бир муҳим факт. Кўриб чиқилган Нурсафардийя адабиётларида бирор марта ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг исмлари ёки ҳадислари келтирилмаган. Айрим ўринларда каллиграфик услубда ёзилган "Муҳаммад" сўзи билиб-билмаган ҳолда китобга қўйилган. Ҳадисларда баён қилинган одоб-ахлоққа оид, тарбияга оид маънолар ўзлаштириб келтирилган.

Баъзи ўринларда (Сўфий табиб Нурсафардий "Танланган асарлар", 3-бўлим, 44-бет) пайғамбар даражасига етганлар сифатида "Ийсо, Иброҳим ва Муҳаммад пайғамбарлар" деб келтирилади. Таҳлил кўрсатадики, ҳозирги шайхликнинг ортида навбат кутаётган пайғамбарлик даъвоси ҳам бордек. Бу фикрлар исботини  С.Кушкаровнинг шогирдлари томонидан у ҳақда ёзилган китобларда ҳам кўриш  мумкин. "Аждодлар умиди" китобида у кишининг издошларидан бири Шокир Аҳроров шундай ёзади. "...Бу олам ичра турли тариқат оқимлари ўтган ва унинг давомчилари ҳозир ҳам мавжуд. Сафарбой отанинг Нурсафардийя тариқати Ҳаққа етишмоқнинг мукаммал омилларни ўзига шиор қилган, яъни Ҳақ йўлида ҳақпарвар, халқ йўлида халқпарвар".

Китобда яна шундай жумлалар учрайди: "Оламда шундай инсонлар туғиладиларки, уларнинг инон-ихтиёрлари ўз қўлларида бўлмай, илоҳнинг маълум кучлари томонидан бошқарилади. Бу ҳолат охир-оқибат илоҳий жараён орқали мукаммалликка эришган комил инсонни каромат соҳибига айлантиради. Шайх Нурсафардийнинг ҳаёти ана шундай илоҳий кароматлар таъсирида сеҳрли ва мўъжизали бетакрор бир умрга айланди. Авлиё даражасига етди".

Дарвоқе, каромат, мўъжиза ҳақидаги тушунчаларга бироз аниқлик киритсак.  Каромат – Аллоҳнинг солиҳ бандалари ҳаётида бўладиган ноодатий ҳолатдир. Бунга сув устида юриш, ҳавога кўтарилиш кабилар киради. Шарти ўша одам солиҳ бўлиши керак. Аксинча бундай ҳолат каромат эмас, шайтоннинг кўмаги бўлади.

Китобдаги “Ўн тўрт дарахт сири” ҳикоясида  С.Кушкаровнинг Илоҳий қудрат воситасида ҳовлисидаги 14 дарахт билан бирма-бир суҳбатлашгани келтирилади. Шунда бир дарахтнинг каромат ва мўъжиза ҳақида: "Кароматнинг мўъжизадан фарқи шундаки, валий ўз кароматини махфий сақлайди, ёхуд ўзи ундан бехабардир, набий эса мўъжизасини ошкор қилиши керак ва ўзи ҳам бундан воқифдир. Валий ҳам, набий ҳам ўзларининг хориқуллод (хориқулодда демоқчи бўлса керак) амаллари чоғида Қуръони каримга такя қиладилар" - дегани баён қилинади. Дарахтнинг тилидан мазкур икки атамани шарҳлашга имкон топган Шокир Аҳроров нима сабабдан китобнинг муқаддимасида "Ушбу қиссадаги воқеаларнинг барчаси ҳаққоний, шайхнинг ҳаётида содир бўлган мўъжизалардир" – демоқда.  Буни ҳам С.Кушкаровнинг авлиёликдан ҳам кўра буюкроқ даражага лойиқ дейилмаяптими?

Яна “Аждодлар умиди” китобида ёзилишича, Сапарбойнинг Қуръонни йиртган одамлардан ёзғириб, Аллоҳга қарата “Сен хафа бўлма Оллоҳим...”, дея  хитоб қилади.  Бу гапларидан унинг етарлича диний илмга эга эмаслиги яққол кўзга ташланади. Чунки Аллоҳ таолога нисбатан бу тарзда хитоб қилиш энг камида одобсизлик. Зеро, Аллоҳ инсонлар тасаллисига  муҳтож эмас.

Сафарбой Кушкаровнинг “Сўфий нафасиёти” китобида нафас олиш машқлари ўргатилади. Рост, инсон ҳаётида ва соғлиғи учун тўғри нафас олишнинг аҳамияти катта. Китобда намоз пайтида амал қилиш керак бўлган машқлар белгилаб берилади. Биринчидан шу пайтгача бирор бир фиқҳий китобда бу ҳақда бир сўз айтилмаган. Иккинчида намоз – ибодат, жисмоний ёки нафас машқлари мажмуъаси эмас.

  Нурсафардия тарафдорлари томонидан бу тариқатнинг ўзига хос талаблари акс эттирилган бир қатор фильмлар ҳам суратга олинган ва дисклар кўринишида тарқатилган. Уларни ўрганиш асносида ҳам, мантиқ доирасига сиғмайдиган ҳолатлар кўзга ташланади.

Масалан, "Нурсафардийя оламида зикрий рақслар ва хореография" дискида "Зикр рақси", "Муҳаббатга оташин интилиш рақси", "Зикримда шакли дарё рақси", "Қайдасан менлигим рақси", "Нурсафардийя таълимотида зикр тизими" каби бўлимлар мавжуд. Уларда таниқли санъаткорларнинг халқ орасида машҳур бўлган қўшиқларига раққосалар рақсга тушадилар ва улар зикр сифатида  талқин қилинади.

"Ло илоҳа иллаллоҳ", "Аллоҳ, Аллоҳ" деб бошланган зикр раққосанинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Рахимованинг "Энажон жилама" қўшиғи оҳангидаги  талвасаси билан тамомланади. "Зикримда шакли дарё рақси" "ло илоҳа иллаллоҳ" қўшиғига, "Қайдасан менлигим" рақси эса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зулайҳо Бойхонованинг "Ҳай-ҳай" қўшиғига монанд ижро этилади. Бироқ бу рақсларнинг тасаввуфга қандай алоқаси бор?  Бундан ташқари раққосалар муборак Қуръони карим оятларини рўмоли ва кийимларига ёзиб олганини қандай тушуниш мумкин? Булар ислом анъаналари устидан кулиш эмасми?

 Одатда, шеърият деганда аввало  маъно, вазн, қофия каби атамалар кўз олдимизга келади. Бунда, аввало, ўша мисраларда яширинган фикр, мазмун ва уларнинг зоҳирий ва ботиний  ифодаси намоён бўлиши керак.

Нурсафардийя шеъриятига келсак, бу борада С.Кушкаровнинг ихлосмандларидан, шоир ва адиб  Комил Авазнинг унга хайрихоҳлик билан бўлса-да, билдирган танқидий оҳазаси  етарли керак.

 “...Масалан бир ҳикматингизда (99-бет) дегансиз:

Менким Нурсафардий дедим:

Ки дунё талашур, кўриб ошёна,

Ғариб, Ҳақ йўлин истаб, мен долу девона.

Сиз «кимдир дунё талашур кўриб ошиён, мен ғариб,

Ҳақ йўлида қаддим долу, ўзим девона»,

ёки «далли девона», демоқчисиз, шундайми?. Магарам ниятингиз шу булса,

унда «Ки» эмас, «Кимлар», дейилса ва «долу девоналиг»да мутаносиблик

 камрокдай, балки «дали девона» булса, хам юкли, хам дейилмиш фикрда

мантиқ бироз дуруст булажак....”

Кўриниб турибдики Сўфий табибнинг ислом ва тасаввуфга доир билимлари

билан бир қаторда шеърияти ҳам жозиба ва мантиққа эга эмас.

Яна Сўфи табибнинг  “Ўзликни англаш хиёбони” номли китобида мусиқа билан даволаш ҳақида шундай дейилади:

“Тангри Одамни лойдан қилиб, пишириб, руҳга: “Энди танага кир”, деб буюрибди.

 Руҳ бундай келиб қараса, тананинг ичи қоп-қоронғи жой эмиш. У қўрқиб:

“Йўқ-йўқ, кирмайман”, деб тайсаллабди. Тангри шунда Исрофилга: “Чал куйингни”, деб айтибди. Исрофил сурда шундай куй чалибдики, руҳ балқиб, рақсга  тушиб, танани гир айланиб, қандай қилиб Одамнинг ботинига сингиб кетганини билмай қолибди. Одам танига руҳнинг рақси уйғониб, унга жон кирибди. Ривоят қилишларича, Одам рақсга тушиб жонланган эмиш. Исрофил чалган куй эса “Лазги” экан”.

Албатта, “Лазги” ўзбек мусиқасининг нодир дурдоналаридан. Аммо, унинг келиб чиқиши Тангрининг буюк фаришталаридан бири - Исрофил (а.с)га  бориб тақалиши ҳақида диний манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди. Зотан, бу буюк фаришта ўз сурини фақат қиёмат яқинлашган фурсатлардаги  чалиши айтиб ўтилган.

Нурсафардий ўз табобатига тегишли баъзи маълумотларни айтиш давомида “Қуръони каримда аниқ маълумотлар мавжуддир”, “Бу саволга Қуръони карим аниқ жавоб беради”, дейди. Лекин, бу гаплар тасдиғи сифатида бирор оятдан иқтибос келтирилмайди. Мисол учун юқоридаги китобнинг 87-бетида “Аллоҳ таоло инсонга етти тана бериб қўйгани ҳақида Қуръони каримда аниқ маълумотлар мавжуддир”, деб ўша таналарни санаб ўтади. Ҳолбуки, Қуръони каримда бунақа оятнинг ўзи йўқ.

Ушбу китобда яна бир маълумот кишини таажжубга солади. Унда айтилишича, Соҳибкирон Амир Темур уламоларни йиғиб, Қуръонда қор ҳақида маълумот борми, деб сўрайди. Уламолар йўқ дейишади. Шунда  бир сўфий қария Қуръони каримдан “Қозиқ устида қор турмас”, деган нақлни ўқиб беради. Амир Темур бундан лол қолган эмиш. Ана холос, биз бўлса, “қозиқ устида қор турмас” иборасини болаларга топишмоқ сифатида айтиб юрган эканмиз-да?

Китобда Нурсафардийнинг бу ҳикоятига жавобан, Комил Аваз ҳам  бир воқеани сўзлаб беради: Рассом Шавкат аканинг тушига Лола опа деган устози кирганидан сўнг зиёратига боради. Шунда Лола опа шогирдига ўзининг бошидан ўтганларини айтиб беради. Айтишича, Лола опа Қуръони каримни беш марта ўқиб чиқибди. Унда расм чизиш мумкин эмаслиги, қиёматда бунинг савол-жавоби оғир бўлиши ҳақида айтилган экан. Ўғлини чақириб ҳамма чизганларини ёқишни буюрибди. Ўғли онасини расмларни қариндошлар билан маслаҳатлашиб кейин ёқишга кўндирибди.

Лола опа Қуръони каримни олтинчи марта ўқиганида расм чизишга рухсат топибди. Унда шундай дейилган экан: “Жаннатда икки эшик бор, бир эшик эрга тегмаган, ҳур қизлар учун, бир эшик уйланмаган йигитлар учун. Уйланмаган йигитлар вафот қилгач, эрга тегмаган қизлар эшигидан кириб, осиғлиқ турган паривашлар суратига қараб, ўзлари хоҳлаганини танлашар экан, аксинча, эрга тегмаган қиз вафот этса, уйланмаган йигитлар эшигидан кириб, у ҳам танлар ва ўша танлаган йигити тирилиб бу ҳурга қўшилар экан.

Лола опанинг уйига қариндошлари йиғилиб келиб, расмларни ёқмасликка кўндирмоқчи бўлган пайтда Лола опа расмларни ёқиш фикридан қайтганини, Қуръондан бунга рухсат топганини айтибди. Кейин Қуръонни очиб қараса опа ўқиган ўша ёзувлар йўқ эмиш. Шунда қариндошлари опага Аллоҳ таоло сизга сувратларингизни ва бир умрлик меҳнатларингизни ёқмаслик учун сизга каромат орқали билдирди, дебди.

Аввало, Лола опа Қуръони каримни беш марта ўқиб расм чизишдан қайтарадиган гапларни ўқигани ёлғон. Чунки сурат чизиш  ҳақидаги гаплар ҳадиси шарифларда келган. Иккинчидан, опа Қуръонни олтинчи марта ўқиганида кўзига кўринган “оятлар”  ҳам ҳеч қаерда учрамайди. Қолаверса Лола опа бу маълумотларни чиндан ўз кўзлари билан ўқиб, кейин тополмай қолган бўлса, бу Аллоҳ таоло тарафидан берилган каромат эмас, аксинча шайтон ва жинларнинг васвасаси бўлиши мумкин. Чунки одамлар ҳаётида содир бўладиган ғайриодатий воқеалар доимо каромат бўлавермайди. Бунинг фарқига бормаган одам мен авлиёман, кароматим зоҳир бўлаяпти, каби гаплар билан ўзи ҳам адашади, бошқаларни ҳам адаштиради.

Албатта, бу каби мисолларни Нурсафардия адабиётларидан кўплаб келтириш мумкин. Аммо, бундай асарларни чоп этиш ва тарқатишдан аввал масъул идоралар кўригидан ўтказиш, мутахассис уламолар маслаҳатини олиш зарур ва шартдир.

Қолаверса, ҳар ким ўзича тариқат яратаверса Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори Валий ва Аҳмад Яссавийларнинг ҳикматларини одамлар нотўғри тушуна бошлашади. Бундай китоблар, дисклар машғулотлар одамларимизни диний масалаларда нотўғри тушунчаларга эга бўлишларига замин яратади, одамларни адашишга, залолатга бошлайди. Шундай экан, бу каби масалаларга мамлакатимиздаги диний уламолар, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ёки назорат қилиш ва тафтиш идоралари жиддий ёндашишлари керак.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1