АсосийJamiyat

Хоразм вилояти Халқ таълими тизимида пул йиғиш билан боғлиқ ҳолат тасдиғини топмади

'Хоразм вилояти Халқ таълими тизимида пул йиғиш билан боғлиқ ҳолат тасдиғини топмади'ning rasmi

Хоразм вилояти, Хива шаҳридаги 3-мактаб маъмурияти ўқитувчи ва ўқувчилардан “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзолик бадали йиғиб олаётгани ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда тарқатилди.

Мазкур маълумот Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди ва ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:

Мавжуд ҳолатни аниқлаштириш мақсадида мактабда фаолият олиб бораётган ҳар бир ўқитувчи,  кузатув кенгаши аъзолари  билан суҳбатлашилди ва мактаб директори Ш.Ражабов томонидан “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзолик бадалларини  тўлаш масаласи бўйича  ҳеч қандай йиғилиш ўтказилмаганлиги, шунингдек ўқитувчи ва ўқувчилар  тўловларни мажбурий тарзда амалга оширишлари лозимлиги, тўловни амалга оширмаган тақдирда чора кўрилиши бўйича  хеч қандай топшириқ бўлмаганлиги аниқланди. Мактаб жамоаси тармоқларда ёритилган бундай ҳолатга ҳеч қандай алоқалари йўқлигини таъкидладилар. Бу ҳақда Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати хабар берган.

Мактаб директори томонидан жамғарма ҳисобига ихтиёрий равишда йиғилган пул маблағи кўрсатилган ҳисоб рақамига ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги “Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 210-сон қарорига ҳамда Уставига асосан жамиятнинг асосий маблағлари аъзоларининг аъзолик бадалларидан тушган маблағлардан шакллантирилиши, ихтиёрий равишда ўқувчи-ёшлар учун аъзолик бадали йилига бир маротаба энг кам ойлик иш ҳақининг икки фоизи, педагог ва бошқа ходимлар учун аъзолик бадали йилига бир маротаба энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт фоизи миқдорида йиғилиши белгилаб қўйилган.

Аъзолик бадали йиғилиши ихтиёрий равишда 10 ёшдан бошлаб амалга оширилади ва аъзолик бадалларидан тушган маблағларнинг 25 фоизи бошланғич ташкилот, 25 фоизи туман (шаҳар) бўлинмалари, 25 фоизи минтақавий бўлимлар ва 25 фоизи жамиятнинг Марказий кенгаши харажатларини қоплаш учун йўналтирилади.

    Бошқа янгиликлар