Facebook ижтимоий тармоғидаги “Хоразм вилояти Урганч туманидан ёзмоқдамиз. Тандирчи маҳалласидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган қарийб уч гектар унумдор ер шахсий уй-жой қуриш мақсадида талон-торож этилмоқда...” эътирозли тезис бўйича Хоразм вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Урганч тумани, Тандирчи маҳалласи ҳудуди қишлоқ аҳоли пункти ҳисобланиб, унга туташ ҳудуд яъни эътирозли тезисда келтирилган 3 гектар қишлоқ хўжалигига оид ер майдони “Хоразм наслли парранда” МЧЖ балансидаги Чоткўпир қишлоғи, Ш.Зарипов массиви 135-контурида жойлашган ер майдони ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам ушбу ер майдонида турар-жой обектлари қурилаётганлиги ва янги қурилишларни бошлаш учун замин яратилаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатларни қонуний асосланганлиги ўрганиб ва таҳлил қилинганда қуйидагилар маълум бўлди.
Урганч тумани, Ғалаба қишлоғи, Урганч 350 йиллиги кўчаси, 33 уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ибрагимов Тахиржоннинг Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғи, Усталар маҳалласи ҳудудида жойлашган умумий ер майдони 9262,41 кв.метрни ташкил қилган (шундан, нотурар бино ва иншоотлари эгаллаган ер майдони 6362,14 кв.метр, қурилиш майдони 867,47 кв.метр, турар-жой бинолари эгаллаган ер майдони 2900,0 кв.метр, қурилиш майдони 1162,45 кв.метрдан иборат) бино ва иншоотлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил25 декабрдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 31-банди талабларида назарда тутилган Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғи, Усталар маҳалласини ишлаб чиқилган бош лойиҳасига мувофиқ намунавий уй-жой массивини жойлаштириш эвазига бузиб олишга тушганлиги сабабли, тезисда келтирилган қишлоқ хўжалигига оид ер майдони, ер эгасининг розилиги асосида юқоридаги Низом талабидан келиб чиқиб, фуқаро Т.Ибрагимовга Урганч тумани ҳокимининг 2018 йил 1 августдаги 2301Қ-сонли қарори билан “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, дурадгорлик устахоналари қурилиши учун 6362,41 кв.метр ҳамда турар-жой бинолари қурилиши учун 2900,0 кв.метр, жами 9262,41 кв.метр 41 балл бонитетли экин ер майдони ажратиб берилган.
Маълум қилинишича, бугунги кунда фуқаро Т.Ибрагимов томонидан ўзига ажратиб берилган ер майдони чегараси доирасида турар-жой объектлари қуриш ишлари амалга оширилаяпти.






