Куни кеча ижтимоий тармоқларда болалар боғчасида тарбиячи болаларни ургани акс этган видео тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун эса Урганч тумани 2-МТТда собир бўлган бу воқеани дастлабки ўрганиш бўйича расмий маълумот берилди. Унда вазият назоратга олингани ва ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Айни пайтда мазкур воқеа Урганч туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, darakchi.uzга тақдим этилди.
Аниқланишича, видеода тумандаги 2-сонли мактабгача таълим муассасаси тайёрлов гуруҳи тарбиячиси лавозимида ишлаб келаётган Султонова Севара томонидан ўзига беркитилган гуруҳ тарбияланувчиларини калтаклагани акс этган.
Ўрганиш давомида тарбиячи С.Султанова ўз тушунтириш хатида, 2019 йилнинг 17 октябр куни 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси Л.Қадирова билан ўртасида келишмовчилик келиб чиққанлигини, ўз гуруҳига борганида тарбияланувчилар бир-бирлари билан жанжаллашаётганлигини кўриб жаҳл билан уларни калтаклаганини, бироқ уларга оғир шикаст етказмаганлигини баён қилган.
Ушбу ҳолат бугун, 25 октябрь куни вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими ҳодимлари, шунингдек тарбияланувчиларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилинди.
Муҳокама натижасига кўра, 2-сонли мактабгача таълим муассасаси мудирининг 25.10.2019 йилдаги №113-сонли буйруғи билан муассасада тайёрлов гуруҳи тарбиячи лавозимида ишлаб келаётган С.Султанова ўз вазифасидан озод этилди.
Шунингдек, тарбиячи С.Султанова ҳатти-харакатлари юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, қонуний қарор қабул қилиниши учун тўпланган ҳужжатлар туман ИИБга юборилди.






