1

Сув тежовчи технологияларни қўллаганларга субсидиялар тақдим этилади

ИҚТИСОДИЁТ 26.10.2019, 17:16
Теглар: субсидия, технология, сув
Сув тежовчи технологияларни қўллаганларга субсидиялар тақдим этилади

Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4499-сон, 25.10.2019 й.). Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали маълум қилди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан:

👉 сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини, шунингдек, уларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун  субсидиялар тақдим этилади;

👉 бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби сув тежовчи технологияларни жорий этиш доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди;

👉 ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини Давлат бюджети ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби бекор қилинади.

Қарорга кўра, шунингдек, 2022 йил 1 январдан:

👉 пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматини Давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қоплаш тартиби фақат сув тежовчи технологияларни жорий этган ишлаб чиқарувчиларга татбиқ этилади;

👉 қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув хўжалиги ташкилотларининг суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқларидан экинларни суғоришга сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан рухсат этилади.

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ, 2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон  Фармони (https://t.me/huquqiyaxborot/4989) билан 2019 — 2022 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1