Куни кеча макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган солиқ ислоҳотлари тушумлар кўпайишида ижобий натижалар бераётганлиги ҳамда буни халқаро молиявий институтлар ҳам тасдиқлаётганлиги қайд этилди.
Масалан, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 12 баробар, фойда солиғи тўловчилари сони 6,5 баробарга ошган. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки кескин пасайтирилгани натижасида даромад солиғи тўловчилари сони 700 мингга, ушбу солиқ тушуми эса 2 баробарга ортди.
Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилиб, қатор имтиёзлар бекор қилинди. 2020 йил 1 январдан эса давлат улуши бор корхоналарга ҳам ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Бу чоралар натижасида келгуси йилда солиқ тўловчилар ихтиёрида 12,8 триллион сўм миқдорида маблағлар қолади.
Президентимиз Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига 2020 йил учун прогноз қилинган бюджет тушумини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Бунда электрон ҳисоб-фактура, замонавий маркировка, онлайн касса машинаси каби илғор технологияларни кенг жорий этиш орқали солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Божхона органларида самарали ишлайдиган янги вертикал тизимни шакллантириш, бунда импорт қилинаётган товарлар нархини ҳаққоний баҳолаш, риск-анализ ва бошқа замонавий усулларни кенг қўллаш, шунингдек, ички назоратни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари солиқ юкини пасайтириш иқтисодиётга ва аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир этишини инобатга олиб, бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.