Кеча, 31 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон давлат университетида талабаларга мажбуран китоб сотилаётгани тўғрисида пост қўйилди. Мазкур ҳолат Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тезкор ўрганилди.
Унга кўра, университет маъмурияти жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузиб, ҳолатни ўрганиб чиқди хамда вазиятга ойдинлик киритилди.
Маълум бўлишича, ҳақиқатдан ҳам, университетнинг филология факультети 1-босқич талабаларига уларнинг таълим йўналишидан келиб чиққан ҳолда олийгоҳ “Ўзбек адабиётшунослиги” кафедраси профессори Ханифа Солихова хамда шоир Мухаммаджон Махжурийнинг китоблари тарғиб қилиш ҳамда қизиқувчиларга ихтиёрий сотиб олиши учун тарқатилган.
Ҳолат юзасидан университет ректори ҳамда тузилган ишчи гуруҳ аъзолари гуруҳ сардорлари ва талабалар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашган. Талабаларга ҳар қандай салбий ҳолатлар рўй берса, ректорига мурожаат қилишлари ёки университетнинг расмий телеграм канали ботига аноним тарзда хабар юборишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.
Тарқатилган китоблар қайтариб олинган, ушбу ҳолатларни юзага келишига сабабчи бўлган кафедра мудири Ҳ.Каримовга огоҳлантириш берилган.
Олий таълим муассасаларида талабалар ва профессор-ўқитувчиларидан ноқонуний пул йиғимларига йўл қўйилмайди ва вазирлик томонидан бундай ҳолатлар содир бўлганда қонуний чоралар кўрилишидан барча ОТМ ректорлари (филиал директорлари) огоҳлантирилган.
Шу билан бирга вазирлик талабалар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, китобсевар ёшларни рағбатлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.