Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллари маркази мамлакатимиз иқтидорли хотин-қизларини “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловида қатнашишга таклиф қилади.
“Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловида олима аёллар, докторант, ўқитувчи, талаба, ўқувчи, муҳандис, дастурчи, шифокор, фармацевт, тадбиркор, ҳунарманд ҳамда бошқа соҳаларда ихтирочилик, рационализаторлик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизлар ўз ихтиролари, инновацион ғоялари ҳамда лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин.
Танловда қатнашиш ниятида бўлган хотин-қизларнинг ҳужжатлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги туман (шаҳар) Хотин-қизлар қўмиталари томонидан 2019 йилнинг 10 ноябридан 30 ноябригача ҳафтанинг душанба – жума кунлари соат 9.00 дан 17.00 гача қабул қилинади.
Танловда ёш бўйича чеклов йўқ.
Танлов “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг яхши рационализаторлик таклифи”, “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси”, “АКТ соҳаси бўйича энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг самарали инновацион лойиҳа (фан ва техниканинг устувор йўналишлари бўйича)”, “Иқтидорли қизнинг истиқболли инновацион ғояси”, “Энг яхши бизнес лойиҳа (иқтисодиётнинг турли йўналишлари бўйича)”, “Омадли старт (ўз инновацион лойиҳаси асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқчи бўлаётган хотин-қизлар учун)”, “Ҳунарманд хотин-қизларнинг энг яхши инновацион лойиҳаси” номинациялари бўйича ғолибларни аниқлайди.






