29 октябр куни соат тахминан 20:10 да номаълум шахс Андижон шаҳри, Бобуршоҳ кўчаси, 24-уйда жойлашган “Караоке 777 бар” номли кафе олдида фуқаро А.О. томонидан қаровсиз қолдирилган “Дамас” русумли автомашинанинг орқа эшиги очиқлигидан фойдаланиб, автомашинани номаълум томонга олиб қочган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 30 октябрь куни Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида, ушбу жиноятни вояга етмаган М.Х. содир этганлиги аниқланиб, у олиб қочилган “Дамас” русумли автомашинани Хўжаобод тумани, Узун кўчада бошқариб кетаётган вақтида ЙҲХБ ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.