АсосийJamiyat

Қабристонда бўш жой йўқ. Китобликларни қийнаётган муаммога қачон ечим топилади

'Қабристонда бўш жой йўқ. Китобликларни қийнаётган муаммога қачон ечим топилади'ning rasmi

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Туябоши”, “Тошқишлоқ”, “Туюл”, “Гузарнафас” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаролар қабристонга майит қўйишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Сабаби тўртта маҳаллага хизмат кўрсатувчи қабристонда бўш ер майдони йўқ. 

Маълум бўлишича, бугун аҳоли марҳумларни 15-20 км узоқликдаги қабристонларга дафн этмоқда. Уч йил аввал “Тевабоши” маҳалласидаги бўш ётган “Янгиер” майдонида туман ҳокимлигидан ҳулоса олиниб, 3 гектар майдонда қабристон ташкил этилиши режалаштирилган. Аммо ўша пайтдаги туман ҳокими ташаббуси билан бошланган ишлар, ҳоким вазифасидан кетгач, негадир тўхтаб қолган.

Шундан сўнг фуқаролар бу масалада халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Йўлдош Турсуновга мурожаат қилган. Унда айнан қабристон учун ажратилган қўшимча ер масаласида норозилик баён этилган. 

Халқ вакили Й.Турсунов партия туман кенгаши вакиллари билан мурожаатни ўрганиш учун маҳаллага борди. Шикоят йўллаган фуқаролар билан учрашдива уларнинг эътирозларини тинглади.

Фуқароларнинг айтишича, дафн этиш жойлари учун ер ажратиш, ташкил қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш белгиланган қоидаларга асосан амалга оширилади. Лекин масъуллар янги қабристон учун ҳалигача бўш ер майдони ажратмаяпти.

“Жорий йилнинг ёз ойларида бир гуруҳ фуқаролар маҳалла яқинидаги бўш ер майдонини қабристон учун ажратишни сўраб мурожаат қилган эди. Шу сабабли мурожаатни ўрганиб, бу масала юзасидан туман ҳокимлиги, туман ободонлаштириш бошқармаларига сўров юбордим. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади, эътибор суст!”, – дейди  Й.Турсунов.

Ҳа, бугун Китоб туманида мазкур масала юзасидан шундай низоли ҳолат юзага келган. Агар ушбу масалага туман мутасаддилари жиддий эътибор қаратишса муаммога ечим бўлиши мумкин.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар