АсосийJamiyat

Пойтахт ҳавосининг ифлосланиши сабаблари маълум бўлди

'Пойтахт ҳавосининг ифлосланиши сабаблари маълум бўлди'ning rasmi

Тошкент шаҳрининг бир неча туманида об-ҳаво ифлосланганлик даражаси меъёридан ошиб кетганлиги ҳақида “Ўзгидромет” ахборотига таяниб  сал аввал хабар берган эдик. Бунга аниқлик киритиш: ҳавода зарарли моддалар кўпайгани сабаби ва зарарланиш даражасини назорат қилиш самарасини ошириш чоралари ҳақида маълумот беришини сўраб Darakchi.uz мухбири “Ўзгидромет” бош мутахассиси Ирина Зайцева билан мулоқот қилди. Мутахассис қўйидагича изоҳ берди:

–Республикамизда атмосфера ҳавосининг зарарли моддалар билан ифлосланиши устидан кузатувлар 25 та шаҳарда 63 стационар пунктда олиб борилади. Олинган маълумотлар ўртача ифлосланиш даражаси тўғрисида хулоса қилишга имкон беради.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси кузатувлари шаҳарнинг 8 та туманида жойлашган 13 та кузатув пунктида амалга оширилади. Бу пунктлар пойтахтнинг турли функционал зоналарда, яъни турар-жой , саноат, автомобил йўллари олдида жойлашган.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши чанг, олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, карбонат ангидрид, фенол, фторли водород, аммиак, формальдегид, оғир металлар кўрсаткичлари бўйича аниқланади. Бунинг учун кузатув постларида якшанбадан ташқари, ҳар куни  соат 7:00, 13:00, 19:00 да ҳаво намуналари олинади. 

Ҳаводаги асосий ифлослантирувчи моддалар - чанг, углерод оксиди, азот диоксиди, олтингугурт диоксиди ва аммиакдир. Уларнинг ўртача йиллик концентрациялари айрим ойларда рухсат этилган меъёрлардан ортиб кетади.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасининг интеграл кўрсаткичи - бу атмосферанинг ифлосланиш индексидир (АИИ). У энг кўп миқдорда мавжуд бўлган 5 та модда бўйича ҳисобланади.  Атмосферанинг ифлосланиш индекси кузатувлар олиб борилаётган муайян аҳоли пунктларидаги атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини баҳолаш учун қулай санитар-гигиеник кўрсаткич ҳисобланади. 

–Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ўзгаришлари ҳақида солиштирма маълумотлар борми?

–Агар биз 20 йил ичида Тошкент шаҳри учун ифлосланиш даражаси ўзгаришларини кўриб чиқсак, 1990 йилларга нисбатан охирги 10 йил ичида умуман олганда Тошкент шаҳри бўйича  ифлосланиш даражаси пасайганини кўрамиз (қуйидаги жадвалга қаранг). 

1992 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Тошкент шаҳрида Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши динамикаси (АИИ) 

 

1992 й.1993 й.1994 й.1995 й.1996 й.1997 й.1998 й.1999 й.2000 й. 
5,815,325,795,995,625,656,386,485,92
 
2001 й.2002 й.2003 й.2004 й.2005 й.2006 й.2007 й.2008 й.2009 й.
5.956,686,365,525.224.314.194.963.66
 
2010 й.2011 й.2012 й.2013  й.2014 й.2015 й.2016 й.2017 й.2018 й.
3.373.323.633.854,043.513.554.103.66

 

Маълумот учун: агар атмосферанинг 5 та модда билан умумий ифлосланиш индекси 14 дан ошса, ҳавонинг ифлосланиш даражаси жуда юқори, агар 14>ИЗА>7 бўлса – юқори, 7>ИЗА>5 бўлса – ошган, ИЗА <5 бўлса – паст ҳисобланади.

–Ҳавонинг зарарланиш даражаси нимага боғлиқ?

Тошкент шаҳрида атмосфера  ҳавосининг ифлосланиш даражаси стационар ва кўчма манбалардан ажралиб чиқадиган зарарли моддалар миқдорига боғлиқ. Ҳавога зарарли моддалар  чиқарадиган асосий манбалар автотранспорт, саноат корхоналари, қозонхоналар, металлургия корхоналаридир.

Масалан, Ўзгидрометнинг стационар пунктлари жойлашган Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида азот диоксиди, углерод оксиди, Яшнобод туманида чанг, углерод оксиди, азот оксиди, Мирзо Улуғбек туманида кўпроқ чанг, азот ва углерод диоксидлари, Чилонзорда азот диоксиди, Миробод туманида фенол,азот диоксиди, Сергелида формальдегид ва азот диоксиди  бир марталик максимал миқдори рухсат этилган меъёрлардан юқорилиги қайд этилади. 

–Ҳозирда барча вилоят ва туманларда атмосфера ҳавоси ўзгаришларини тезкор ва аниқ қайд этиш имкони борми? Бу ишлар самарасини яхшилаш учун нима қилиш керак?

–Атмосферада зарарли моддалар тўпланишида табиий иқлим шароитларининг (ноодатий иқлим ўзгариши, атмосферадаги шамолсизлик) ва табиий хусусиятларнинг (қуруқ иқлим, гилли тупроқ ва бошқа) ҳам ўрни бор. 

Бугунги кунда ҳудудларда кузатув жараёнининг техник имкониятларини яхшилаш мақсадида жорий эҳтиёжларга қараб онлайн тартибда кузатувлар олиб бориш учун автоматик станциялар ўрнатиш зарурияти мавжуд. 

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича қарорига мувофиқ марказ кузатув тармоғини модернизациялаш, хусусан ифлосланишни кузатиш тизимини яхшилаш учун грант маблағлар ҳисобига замонавий автоматик станциялар ўрнатиш кўзда тутилган.

Манзура БЕКЖОНОВА

 

Бошқа янгиликлар