Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оммавий ахборот воситалари вакилларидан ҳар бир жараёнга, билдирилган муносабатга нисбатан холис ёндашишларини сўради.
Бугунги кунда юртимизда демократик ислоҳотларни жадаллаштириш, барча соҳаларда шаффофликни таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунда, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрни алоҳида. Сўнгги пайтларда улар давлат ва халқ орасидаги мустаҳкам кўприкка айланиб, мавжуд кўплаб муаммо ва камчиликларнинг ўз вақтида ва тезкор ечим топишида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келишмоқда.
Шу билан бирга, айрим ОАВ томонидан баъзи ҳолларда мавжуд жараён ёки масъуллар томонидан билдирилган фикрнинг нотўғри талқин этилиши натижасида одамларда ўша соҳага нисбатан нотўғри муносабат шаклланиб қолмоқда. Жумладан, куни кеча Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Хаджибаев томонидан билдирилган муносабатни айрим ОАВ вакиллари асосий контекстдан узиб олиб, умуман бошқа маънода талқин қилишгани ижтимоий тармоқларда кўплаб ноўрин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Аслида эса сиёсий партиялар вакиллари томонидан билдирилган тиббиёт ходимлари моддий таъминотини кучайтириш хусусидаги фикрларга нисбатан билдирган муносабат умуман бошқача мазмунда эди. Унда билдирган фикрни айнан келтирамиз: “Охирги икки йил ичида шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида фаолият юритадиган 500 га яқин врачнинг 160 дан ортиғи хусусий тиббиёт муассасаларига ишга ўтиб кетди. Асосан юқори малакали шифокорлар шундай иш тутди. Бу, табиий, деб ўйлайман.
Чунки хусусий клиникаларда ойлик маош катта ва салоҳиятга талаб ҳам шунга яраша. Айни дамда соғлиқни сақлаш соҳасида 60 мингдан зиёд шифокор ишлайди. Бир йил ичида уларнинг ойлик маоши 40 фоизга кўтарилди. Менимча, энди соғлиқни сақлаш тизимидаги барча ходимларнинг ойлик маошини бирдай ошириш керак эмас. Уларнинг малакаси, ўсиш потенциалига қараб моддий рағбатлантириш керак. Буни вазирликнинг ўзи амалга ошира олмайди. Парламент бу бўйича қонунлар доирасида аниқ механизмни ишлаб чиқишга кўмаклашса, мақсадга мувофиқ бўлади”.
Ушбу билдирилган мулоҳазанинг маълум қисмини умумий контекстдан узиб олиб, деярли тескари мазмунда, асоссиз ваҳима билан талқин этилиши аҳоли эътирозига, ва табиийки, шифокорларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлди. Аслида эса тиббиётда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ижроси йўлида тиним билмай меҳнат қилаётган шифокорларимиз ҳар қанча қўллаб-қувватлашга, эҳтиромга муносиб. Адолат нуқтаи назаридан айтадиган бўлсак, шифокорларни меҳнати, тажриба ва малакасига қараб рағбатлантириш лозим. Бу малакали ходимларнинг давлат тиббиёт муассасаларида самарали фаолият юритишини таъминлайди, ўз устида доимий равишда ишлашига туртки бўлади, шу билан бирга, ёшларда ҳам шифокорлик касбига бўлган қизиқишнинг ошишига сабаб бўлади.
Шу ўринда оммавий ахборот воситалари вакилларидан ҳар бир жараёнга ёки билдирилган муносабатга холис ёндашган ҳолда, мазмун-моҳиятини аҳолига тўғри ва тушунарли тарзда етказишга ҳаракат қилишларини сўраб қоламиз. Бугунги ахборот замонида тўғри ёндашув, маълумотларнинг аниқ ва холис бўлиши қанчалик муҳим эканини сиз, ҳурматли журналистлар, биздан кўра яхши англайсизлар.