АсосийJamiyat

Қорақалпоқ заминининг мўъжизалари

Бугун мустақил диёримизнинг қайси гўшасига борманг, улкан ўзгаришлар, кенг қамровли бунёдкорлик ишларининг шоҳиди бўласиз. Истиқлол йилларида Қорақалпоғистон Республикаси ҳам мислсиз ўзгаришларга юз тутди. Бугунги кунда Қорақалпоқ заминида ҳам юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасини яққол кўриш мумкин.

                            Тарихингдир минг асрлар...

Азалдан Оролбўйи халқлари дунё тарихи, тамаддуни, маданият ва маърифат тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келишган. Тарихий манбалар, археологик топилмалар бундан минг йиллар аввал ҳам бу ҳудудда ҳаёт, маданият, санъат гуллаб яшнаганини кўрсатади.

Маълумотларга қараганда, милоддан аввалги 7-6 асрларда Қорақалпоғистон ҳудудида қадимий давлатчилик марказлари юзага келган. Ҳудуддаги Қўйқирилганқалъа, Ойбўғир, Бурлиқалъа, Оқшохонқалъа харобаларида қадимий тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик ёдгорликлари топилган.

Хоразмшоҳларнинг Тупроққалъа саройи сўнгги антик даврнинг энг улкан ёдгорликларидан бири саналади. Оролбўйи ҳудудида асрлар давомида қорақалпоқ, ўзбек ва бошқа кўпгина туркий халқлар аҳил-иноқ умргузаонлик қилишган, не-не яхши-ёмон кунларни бошдан кечиришган. Хусусан ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ҳаёти, турмуш тарзи, тарихий, қадриятлари ва урф-одатларида  ана шундай яқинлик яққол кўзга ташланади.

Бундай умумийлик  халқ оғзаки ижодида, адабий ёдгорликларда ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ошиқ Ғариб” сингари достонлар ўзбек ва қорақалпоқ фольклорининг муштарак ёдгорликлари саналади. Жиен Жиров, Бердақ, Ажиниё, Отеш Алшинбай ўғли, Қулмурот Қурбон ўғли сингари сингари шоирлар ўз асарлари қорақалпоқ адабиёти равнақига беқиёс ҳисса қўшишган.

                                               Тош келса кемириб...

Қорақалпоқ эли ўз ўтмиши давомида не-не мусибатларни, фожиаларни, босқин ва қирғинларни бошидан кечирмади. Бироқ бу заминнинг жафокаш халқи ҳар қандай шароитда ўзлиги, маданияти, миллий қиёфаси, асрий қадриятлари ва анъаналарини асрай олди.

Хусусан, яқин ўтмишимизда, собиқ тузум йилларида халқимиз бошига тушган кўргиликлар бу элни ҳам четлаб ўтмади. Оробўйи халқларининг қанчадан қанча асл ўғлонлари мустамлакаачилик, истибдод, қатағон сиёсатининг қурбони бўлишди. Икки Жаҳон уруши дунёнинг кўпгина халоқлари қатори қорақалпоқ эли кечмишида ўзининг мудҳиш асоратини   қолдирди.

Бу кўҳна замин халқлари ҳаётининг ажралмас қисмига айланган, минг йиллар давомида мавжланиб турган бепоёон Орол денгизи ўтган асрдаги пахта яккаҳокимлиги, табиат бойликларидан хўжасизларча фойдаланиш натижасида ҳалокат ёқасига келиб қолди. Минтақадагни экологик вазият сезиларли даражада ёмонлашди. Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ кўплаб муаммолар вужудга келди. Бу жараён бугунги кунда ҳам давом этаётгани ачинарлидир.

Истиқлол йилларида ҳукуматимз томонидан Орол денгизи муаммоларини бартараф этиш борасида кенг қармовли ишлар амалга оширилмоқда. Оролбўйи аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш борасида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда.

                                      Рақамлар фарвонликдан сўзлайди

Бугун Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларини боғлаб турувчи йўлларнинг равон ва ободлигини кўриб кўзингиз қувнайди. Ўзбекситон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 ноябрдаги   “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил Инвестиция Дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ корхона томонидан ”Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 698-753 километрлик қисмини реконструкция қилиш, 916-964 километрлик қисмида 10 километр узунликда қайта қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Йўл қурилиши бўйича  2014 йил инвестиция дастурига киритилган объектларда корхона йўлсозлари шартнома асосида 55 миллиард сўмлик иш кўламини бажаришди. Қорақалпоғистонда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда жами 1 минг 57 та саноат корхонаси, шу жумладан 24 та йирик корхона, 1 минг 33 та кичик тадбиркорлар фаолият кўрсатмоқда. Учта корхонада импорт ўрнини босадиган маҳаллий  маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. 

Оролбўйида Қўнғирот сода заводидан кейин яна бир йирик саноат корхонаси – “Устюрт газ-кимё мажмуаси” қурилиши жадал олиб борилмоқда. “Uz-Kor Gaz Chemical” компанияси буюртмаси асосида бунёд этилаётган мазкур гигант корхонада йилига  400 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонна полипропелин ҳамда 3,7 миллиард кубометр тозаланган газ ишлаб чиқарилади.

Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйлар қаторига ўтган йилда яна 550 таси қўшилди. 2009 йилдан буён Оролбўйида бунёд этилаётган бу замонавий турар-жойлар сони 1 минг 700 тадан ортди. 2014 йилда 627 та ана шундай уйлар қурилиб фойдаланишга топширилди.

Бу рақамларнинг барчаси бу гўзал заминда эришилаётган улкан ютуқларни ўзига акс эттиради. 

    Бошқа янгиликлар