Бугун, 8 ноябрь куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 46-сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Сессияда депутатлар Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг “Қизириқ тумани ҳудудидаги айрим маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини янги ташкил этилаётган Бандихон тумани таркибига ўтказиш тўғрисида”ги, Бойсун тумани Кенгашининг “Бойсун тумани “Кўлқамиш” маҳалласининг “Куба” қишлоқ аҳоли пункти ҳудудини Бандихон тумани таркибига ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда Термиз тумани Кенгашининг “Термиз туманининг айрим аҳоли пункти ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини Термиз шаҳри таркибига ўтказиш ҳақида”ги қарорларини маъқулладилар.
“Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ушбу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан сўраш, Олий Мажлиси палаталарининг розилиги олингандан сўнг уларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.