1

Ўзбек нонуштаси - жахон чемпиони!

ЖАМИЯТ 08.11.2019, 17:49
Ўзбек нонуштаси - жахон чемпиони!

"Ўзбек нонуштаси Халқаро кулинар чемпионатида ғолиб бўлди", - дея хабар берди Ўзбектуризм қўмитаси расмий сайтида.

6 ноябр кунидан бошлаб пойтахтимиздаги “Ўзекспомарказ” павилёнида “Лаззатли Ўзбекистон” халқаро кулинар чемпионати бўлиб ўтмоқда. Чемпионат давомида ғолиблар ҳам аниқланиб келиняпти. Шунга кўра, гўшт, балиқ маҳсулотларидан таом тайёрлаш, карвинг ва этно-нонушта йўналиши бўйича илк мусобақалар ғолиблари аниқланди. Миллий этно-нонушта шарти бўйича Жазоир, Мўғулистон, Руминия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондан келган моҳир ошпазлар беллашди. Мазкур шартда тайёрланган 7 турдаги нонушта таъмлар уйғунлигидан ташқари, таомлар хилма-хиллиги, тақдим этишдаги креативлик, тозалик каби мезонлар асосида хорижий ҳакамлар томонидан баҳоланди. Ҳар бир нонуштада турли таомлар, иссиқ чой, ширинликлар, қуруқ мевалар мавжуд. Жазоир нонуштаси хурмодан тайёрланган турли ширинликлар ва дуккакли донлардан тайёрланган бўтқа ҳамда қаҳва билан олтин суви юритилган миллий нақшдаги чинни идишларда тортилган бўлса, Руминияликлар турли хил мева ва мурабболар, қуритилган қўзичоқ гўштидан тайёрланган колбасалар, ловия ва бақлажондан тайёрланган икралар, маҳаллий уч турдаги пишлоқ, ва тариқдан тайёрланган бўтқа билан миллий кашталар туширилган қизил дастурхонни безашди. Ҳиндистонлик ошпазлар томонидан тайёрланган иссиқ юпқа нонлар ичига солинган сабзавот ва гўштли қуймоқлар ўз тўйимлилиги билан алоҳида эътирофга сазовор бўлган бўлса, Қозоғистон терма жамоаси миллий идиш товоқларда ўз пишириқлари-ю, ширинликларини тақдим этдилар. Мўғул нонуштасидаги ўзбек ҳолвайтарига ўхшаш қовурилган ундан тайёрланган ширинлик, борлиги шарқ ошхонасининг муштарак жиҳатларини кўрсатди. Нонушта шакарли творог таъмини эслатувчи қуртлар ва шу каби фақат оқ рангдаги маҳсулотлар ҳамда ширинликлардан иборат бўлганлиги сабабли агар ҳамма пишириқлар татиб кўрилса, иштаҳани бўғиб қўйиши мумкинлигини, шунингдек мўғул ошпазлари ўз нонушталарини бир марталик идишларда тақдим этганликларини инобатга олган ҳолда, ҳакамлар томонидан паст баҳоланди. Қорақалпоғистоннинг ҳудудий нонуштасида қурут, жийда, дудланган балиқ, қуритилган мевалар, буғдой унидан тайёрланган ва сутга қўшиб истеъмол қилиш мумкин бўлган “ақсаллак” тақдим этилди. Ўзбек нонуштасида хўл ва қуруқ мевалар, иссиқ қат-қат сомса, варақи, қуш тили, мурабболар, иссиқ нон, қаймоқ, новвот, гўштли ўрамалар миллий сопол идишларда, атлас ҳошияли дастурхон устига қайноқ кўк чой билан тортилди. Миллий нонуштамизда сутли, гўштли маҳсулотлар, ҳатто вегетарианлар учун ҳам тановул қилиш учун егуликлар талай эканлиги ҳамда таомларнинг иссиқ тортилганлигини хорижлик ҳакамлар алоҳида эътироф этишди. Мусобақа натижасига кўра, Руминия ва ҳинд нонуштаси учинчи, қозоқ ва Алжерия нонуштаси иккинчи, ўзбек нонуштаси биринчи ўринни эгаллади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1