Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Боболочин“ маҳалласида яшаб келган Мавлуда Қулматова 2019 йилнинг май ойида уйидан чиқиб кетиб қайтиб келмаган. Бу ҳақда Қумқўрғон тумани прокуратураси “Халқ сўзи“га маълум қилган.
Қайд қилинишича, туманнинг “Боболочин“ маҳалласи Тинчлик кўчаси 154-уйда яшовчи Э.Шайимов туман прокуратурасига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи 2019 йилнинг 15 май куни яшаш уйидан, “уйимдагиларни олдига бориб келаман“ деб чиқиб кетиб қайтиб келмаганини билдирган ва уни топишда кўмак сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бедарак йўқолган Мавлуд Қулматова Ортиқовна 1984 йилда Бойсун туманида туғилган, миллати ўзбек, уй бекаси, оилали. Йўқолган куни эгнида қизил рангдаги кўйлак ва шу рангдаги лозим бўлган. Оёғида оддий қора рангдаги шиппак бўлган. Сочлари ўртача қора, кўзлари қора рангда. Бўйи тахминан 155-165 см, ўртача гавдали ранги буғдойранг-сариқ рангда қошлари қалин қора рангда.
Кимда ким бедарак йўқолган М. Қулматовани кўрган, ёки у ҳақида эшитган бўлса, ИИБ идораларига ёки 102 телефон рақамига қўнғироқ қилиши сўралади.