15 январ куни “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг йил ҳисоботига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди. Унда Маданият ва спорт ишлари вазири в.в.б. Баҳодир Аҳмедов, таниқли шоир, сенат аъзоси Иқбол Мирзо, бирлашманинг қатор масъуллари, санъаткорлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди, дея хабар қилади shov-shuv.uz нашри.
Тадбир бошида сўз олган Баҳодир Аҳмедов нутқ сўзлаб, ўтган йил сарҳисобига тўхталиб, соҳада амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гапирди. Ундан ташқари, 2015 йилда эстрада бирлашмаси олдига қўйилган муҳим вазифалар санаб ўтилиб, ўтган йилларда ечимини топмаган масалар юзасидан аниқ тўхтам, жўяли маслаҳат ва хулосалар билдирилди. Раҳбар янги ғояларни ҳам ўртага ташлади. Унга кўра, эстрада йўналишида ижод қилаётган талантлар учун фестивал ташкил этиш борасида янги лойиҳа ишлаб чиқилади. Баҳодир Аҳмедовнинг нутқидаги қуйидаги фикрлар диққатга молик бўлди:
- Наздимда, бугун ҳамма санъаткорлар жонли куйлашга тайёр бўлиши керак. Яккахон концертларда фонограммага чек қўйилар экан, ана шундагина асл санъат юзага чиқади. Ана шунда санъаткор томошабинларнинг “фонограммачи” дея отадиган “тош”идан холос бўлади! Ундан ташқари, жорий йилдан бошлаб, концертлар режиссурасига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Санъаткор истаган режиссёрни номига ўз концерти учун танламасдан, бу борада ҳам маслаҳатлашиб иш тутса, дастурнинг юксак савияда ўтишига эришиш мумкин. Шунинг учун ҳар бир санъаткор концерт кунига қадар дастурнинг тўлиқ шаклини масъул ижодкорларга тақдим этиши даркор. Сифат учун ишлаш даври келди. Мусиқий телеканаллар етарли, овоз ёзиш студиялари, радиоканаллар ҳам. Менимча, энди яхши ижод қилиш учун турли баҳоналар ўринсиз бўлади. Сўнгги йилларда хориж санъаткорлари ҳам юртимизда тез-тез концерт бермоқда. Бироқ, уларнинг мақсади пул ишлашдан нарига ўтмаяпти. Энди бир таклиф бор: хориж юлдузлари ўзбек саҳнасида ўзимизнинг юлдузлар билан ҳам қўшиқ куйласин! Ахир, ўзбек талантларининг кам жойи йўқ! Бир пайтлар “Gypsy Kings” гуруҳи пойтахтимиздаги концертида Равшан Намозовнинг истеъдодига тан бергани эсимизда. Ўзбек санъаткорлари ҳам хорижда гастролда бўлар экан, ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатишга интилиши керак. Жорий йилнинг август ойида “Шарқ тароналари” 10-маротаба ўтказилади. Айни пайтда ушбу нуфузли фестивалда 98 та мамлакатдан санъаткорлар иштирок этиш истагини билдирди. Ўтган йилларда бу кўрсаткич 60дан ошганди. Йилдан-йилга турли давлатлар иштиёқининг ошиши мамлакатимиз санъат ва маданияти бобида салмоқли ўзгаришлар кечаётганидан бир даракдир.
Нутқдан сўнг ўтган йил давомида баракали ижод қилиб, вазирлик ва бирлашма томонидан уюштирилган турли маданий тадбирларда фаол, беминнат хизмат қилган бир гуруҳ санъаткорларга махсус диплом ва эсдалик совғалар топширилди. Бу гал продюсерлар ҳам эътибордан четда қолмади.
Шаҳзода, Улуғбек Раҳматуллаев, Лола, Шоҳруххон, Манзура, Алишер Файз, Озодбек Назарбеков, Ғуломжон Ёқубов, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитова, Жаҳонгир Позилжонов кабиларга турли йўналишлар бўйича дипломлар топширилди. “Тарона Рекордс”нинг бош продюсери Сарвар Раҳматуллаев ва Озодбек Назарбековнинг продюсери Илёс Дадабоевлар “Энг фаол продюсер” сифатида эътироф этилди. Азим Муллахонов ва Козим Қаюмовларнинг эстрадаги бир неча йиллик ижоди инобатга олиниб, уларга ҳам махсус дипломлар улашилди. Устоз раққоса Гавҳар Матёқубова эса дипломни қўлга олиб, йиғилганларга қарата дил изҳорларини билдирди: “70 ёшда ҳам қариликни бир четга суриб, санъат учун хизмат қилиш ҳаммага насиб этсин! Ахир, юрт учун меҳнат қилиш - меҳнатларнинг энг яхшисидир”!
Тадбир чоғида 30 та диплом эгаларига топширилган бўлса, яна 34 та талантли ёшларимизга эстрада бирлашмаси ички низомига мувофиқ, бир йил давомида тўловсиз лицензия тақдим этилиши ва уларнинг овоз ёзиш студиясида текин қўшиқ ёзишлари эълон қилинди. Ундан ташқари, шундай юксак ишонч билдириб, рағбатлантирилган ёшларга мусиқий телеканалларда янги видеоклипларини ҳам текин намойиш этишлари имкони яратилади.
Бундай рағбатлар ижод аҳлига нафақат кўтаринки руҳ бахш этади, балки, янада илғор ва самарали ижод қилиш масъулиятини ҳам юклайди. Санъат ва маданият ривожи учун жонбозлик кўрсатишда шахдам қадам ташлашдан толманг, азизлар! Миллат байроғини баланд кўтаришдан, эл дарди ва орзуларини куйлашдан чарчаманг!
P.S.: 1.Тадбирда Иқбол Мирзонинг қуйидаги сўзлари катта олқишлар билан қарши олинди: «Ўзга юртнинг спагеттесидан ўз юртингнинг маставаси яхши!”
2.Қатор шеърлари қўшиққа айланиб, ўнлаб хонандаларнинг элга танилишида хизмат қилган машҳур шоира Фарида Афрўзга ҳам махсус диплом топширилди.
3.“Ўзбекнаво” лицензия бўлими бошлиғи вазифасига Одилжон Абдуқаҳҳаров, директор ўринбосари Фарҳод Жўраев бошқа ишга ўтганлиги сабабли у эгаллаб турган лавозимга Мурод Мажидов тайинлангани маълум қилинди.





