1

Сафар Остонов: "Халқимиз қўяётган талабдан келиб чиқиб баҳо берсак, бирорта партиянинг фаолиятидан қониқмайман"

ЖАМИЯТ 12.11.2019, 19:44
Теглар: Сафар Остонов
Сафар Остонов: "Халқимиз қўяётган талабдан келиб чиқиб баҳо берсак, бирорта партиянинг фаолиятидан қониқмайман"

Хабарингиз бор, 10 ноябрь куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан пойтахтимиздаги “Naesmi Media Hall” (“Зарафшон” концерт зали)да сиёсий партиялар вакиллари иштирокида 4 раундли "Демократик дебат" ток-шоуси бўлди. Унда партия раислари томонидан билдирилган фикр ва муносабатлар икки кундирки жамоатчилик муҳокамасида бўлмоқда. "Даракчи" мухбири ана шу тадбир доирасидаги бир нечта саволлар  билан “Ўзбекистон овози” газетаси раҳбари Сафар Остоновга мурожаат қилди.

Сафар Остонов,  “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири:

— Бундай тадбирларга ўрганишимиз керак. Шу орқали халқ 5 та сиёсий партия раҳбарлари кимлигидан хабардор бўлади. (Ток-шоуда партия раҳбарларини халқ таниши ёки танимаслиги бўйича ўтказилагн сўровнома натижалари кўрсатилди. Маълум бўлдики, халқ уларни деярли танимас экан, ҳатто нечта партия борлигини, уларнинг номи нима эканини билмаслигини ҳам айтишди) Уларнинг юзини кўради ҳамда фикрлаши, дунёқараши қандай эканидан хабардор бўлади. Айни дамда эса уларнинг жамият учун ўз олдига қандай масалалар қўйгани, мақсадлари, таклифлари нималардан иборатлиги тингланади. Халқ бирор партияга овоз бериши учун аввал уни таниб олиши керак.

Қайси сиёсий партиянинг ишидан қониқасиз?

— Бугунги замон ва аҳолимиз партиялар олдига қўяётган талабидан келиб чиқиб баҳо берадиган бўлсак, тўғриси шахсан ўзим ҳам бирорта партиянинг фаолиятидан қониқмайман (Сафар Остонов Халқ демократик партиясининг аъзоси саналади). 

Очиғини айтиш керак, партияни партия қиладиган киши унинг раҳбари. Агар у кучли сиёсатчи, ташкилотчи, билимли, илмли бўлса, ўз навбатида ўз атрофига ҳам шундай одамларни жамлайди. Эртага партия фаоллари кимлардан таркиб топади, улар қай даражада ҳаракатга тушади, жонланади, бу ҳам партия раисларига чамбарчас боғлиқ. Раҳбардан аниқ таклиф, ташаббуслар чиқмаса ҳам, шунчаки майда-чуйда ишлар билан куни ўтаверади, ҳаётда шунақаларини ҳам кўрдик.

Яна шуни айтиш керакки, ўтган даврларда тасодифий одамлар ҳам партия раис бўлиб қолди: мисол, сиёсатни чуқур тушунмаган фермерлар партия раислигига сайланди.

Мана ҳозир партиямизга (Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашига) ҳам янги раҳбар келди, янги фаоллар билан тўлдирилди, бизга маъқул бўлган одамлар партия сафига киришди. Бу эса мазкур сайлов дастурида фойдали бўлади деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов 2013-2018 йиллар давомида Халқ таълими вазир бўлиб ишлади. Айни дамда бу лавозимда фаолият юритаётган Шерзод Шерматов бир нечта йиғилиш ва тадбирларда Улуғбек Иноятов даврида ўқитувчи ва ўқувчилар савияси, ҳолати жуда абгор ҳолатга келиб қолгани, мактаблар ва уларнинг моддий-техника таъминотига эса лоқайдлик билан қаралгани айтилган. Буни айнан вазир айтмаса ҳам барчамизга маълум, аслида. Сиз халқ таълимига шундай бефарқ бўлган кишига партия келажагини ишониб топширса бўлади дейсизми?

— Тўғрисини айтсам, халқ талимининг бундан беш йил аввалги аҳволи қандай бўлган, ҳозир қай аҳволда ҳамда бундаги ютуқ ва камчиликларга ким сабабчи эканини аниқ билмайман. Менинг ихтисослашувим суд-ҳуқуқ, спорт соҳаси, қисман маънавий-маърифат масаллалари бўйича. Бизнинг газетада таълим соҳаси бўйича бўлим раҳбари бор ва халқ таълими ҳақида у кўпроқ маълумотга эга. Шунинг учун таълим соҳасини ўрганмаганман ва вақтим ҳам йўқ бу билан шуғилланишга. Шундай экан, ушбу саволингизга аниқ бир жавобим йўқ.

Ушбу ток-шоудан нимарни кутган эдингиз?

— Мен битта нарсага қаршиман — мазкур ток-шоуга ўхшаш тадбирлар ёки бошқаси бўладими, ҳаммаси маданият доирасида бўлиши керак, яъни бақириқ-чақириқли, сунъий қилинадиган шовқинлар билан ўтказилишига қаршиман. Бундан халққа фойда йўқ. Бақир-чақир билан бирор нарсага эришиб бўлмайди. Шунингдек, тадбирларда савол-жавоблар шовқинлардан ҳоли бўлиб, аниқ нуқтага қаратилган бўлиши керак, шунда баҳслар ҳам жонли, савияли бўлади. Бу тадбирда мана шу бироз етишмади.

Масалан, шоуда кўплаб журналистлар ҳам қатнашди. Биламизки, журналист этикаси бор: ҳар бир журналист ўзини ўзи ҳурмат қилиши, кимгадир савол йўллаганда вазминлик билан мурожаат қилиши керак. Ушбу тадбирда айрим журналистлар “...сиз нимага қилмадингиз, нега бажармайсиз” деб ҳуддики гуноҳкор одамни айблов стулига ўтқазиб қўйиб, сўроқ қилаётган одамларга ўхшаб савол йўллашди. Шунинг учун журналистларимизнинг тажрибасини ошириш, ўз устида ишлаши ва малакаларини ошириб боришлари учун манзилли ва вақтли семинарлар ташкил қилиб туриш керак. Бу жуда ҳам муҳим. 

Яқинда Фарғонага қилган ташрифим чоғида «Блогер ва интернет журналистларини ўқитиш керак!» деган гапим айрим блогерлар томонидан нотўғри талқин қилинди. Кўряпмизки, айрим блогерлар нотўғри ва ёлғон маълумотлар тарқатяпти, ўзининг шахсий блокларида эмоцияга берилиб ҳар хил андишасиз гаплар ёзяпти. Эртага мана шу гап-сўзлари учун бирор жавобгарликка тортилмасин, ўз ишининг устаси бўлсин, хатоликка йўл қўймасин деган мақсадда уларни ўқитиб туриш кераклигини айтгандим.

Шунингдек, журналистлардан йўлланган саволларга партия раислари томонидан берилган жавобларни ҳам қониқарли дея олмайман. Аниқ маълумот ва асосларсиз берилган умумий жавоблар одамлар ишончсизлигига сабаб бўлади. Ўйлайманки, кейинги тадбирлар янада савияли бўлади.

Тадбирда партия вакиллари томонидан сунъийлик ва ортиқча ҳатти-ҳаракатлар кўп сезилди. Партия раислари одамлар ишончини қозона оладиган таъсирли нутқ қила олмади. Баҳс-мунозара юзакилашиб кетди. Партиялар қарама-қарши курашиши билан ўз позициясини ҳимоя қилиши керак эди. Миллий тикланиш партияси раиси Алишер Қодиров эса ҳамма партиялар бирлашиб ҳаракат қилиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши кераклигини айтди. Афсуски, агар партиялар бир-бирини қўллаб-қувватламаса соғлом рақобат ва ўсиш бўлмайди. Ривожланган Европа давлатларида сиёсий партиялар доимо бир-бири билан рақобатлашади, хатосини қидиради ва бунинг ечими бўйича қилган ишлари учун халқ ишончига сазовор бўлади. Қолаверса, партия раҳбарлари журналистларнинг кўплаб саволларига қониқарсиз жавоблар қайтарди. Айниқса, ноннинг нега қимматлашгани, нега контрактда ўқийдиган талабалар стипендияси бир хил қилиб қўйилгани, тадбиркорлар фаолиятига бўлаётган тўсиқлар нега партия томонидан ўрганилмаяётгани ва ҳимоя қилинмаётгани каби кўплаб изоҳ талаб саволларга асосли жавоблар бўлмади.

Алишер Қодиров ўз партияси дастурига киритилган “коммунал тўловларни табақалаштириш” ҳақидаги ғоясини илгари сурди. Унинг айтишича, коммунал тўловлар одамларнинг топаётган даромадига қараб белгиланиши керак экан. 

P/S: Мазкур дебатни “Sevimli” ва “MY5” телеканаллари орқали кўриб, партия ва партия раисларининг фаолиятига ўзингиз баҳо беришингиз мумкин.

Абдуқодир Мўминов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1