Сал аввал, августдан буён Москва шаҳридаги 67-сон шаҳар клиник касалхонасининг реанимация бўлимида комада ётган Россия Халқлар дўстлиги университети талабаси, Ўзбекистон фуқароси Ўлмасхон Бахронов ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистонлик талаба Ўлмасхон галоперидол дори воситаси уколидан кейин комага тушганича Москвадаги 67-шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Facebook’да Ўлмасхоннинг амакиси Фарруххон Шукурлаев ўз саҳифаси орқали маълум қилган.
22 ёшли Ўлмасхон 13 ноябрда соат 20:45да вафот этган. Унинг жанозаси бугун, 15 ноябрда Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани “Қуйи Чордара” маҳалласида бобосининг уйида бўлиб ўтади.
Ўлмасхон Бахронов нотўғри белгиланган дори воситаси сабабли комага тушган. Йигит онасининг таъкидлашича, шифокор Ўлмасхонни гиёҳванд модда қабул қилишда гумон қилиб, унга галоперидол буюрган. Восита киритилгандан кейин Ўлмасхоннинг юраги тўхтаб қолган.
Йигитнинг юрагини ишга туширишга муваффақ бўлинган, бироқ бу орада унинг миясига шикаст етган ва у 67-шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Йигитнинг яқинлари бу ҳолат юзасидан текширув ўтказиш талаби билан Россия ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бош прокуратураларига мурожаат қилишган.