Августдан буён Москва шаҳридаги 67-сон шаҳар клиник касалхонасининг реанимация бўлимида комада ётган Россия Халқлар дўстлиги университети талабаси, Ўзбекистон фуқароси Ўлмасхон Бахроновнинг соғлиги ҳолати тўғрисида ижтимоий тармоқларда турли хабарлар тарқалиши муносабати билан Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси мазкур масала доимий назоратда эканини маълум қилади. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Элчихона томонидан беморнинг ота-онаси, уни даволаётган шифокорлар ва тиббиёт муассасаси маъмурияти билан доимий алоқа ўрнатилган, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда анестезиология, реаниматология ва оториноларингология бўйича юқори малакали мутахассислар жалб қилинмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Марказий федерал округи (Белгород вилояти, Брянск вилояти, Владимир вилояти, Воронеж вилояти, Иваново вилояти, Калуга вилояти, Кастрома вилояти, Курск вилояти, Липетск вилояти, Москва шаҳри, Москва вилояти, Орлов/Орёл вилояти, Рязан вилояти, Смоленск вилояти, Тамбов вилояти, Твер вилояти, Тула вилояти, Ярослав вилояти) ва Арманистон ҳудудидаги фуқароларимиз зарур вазиятларда Москва шаҳридаги Элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7 499 230-00-76, +7 499 238-36-20.
21.10.2019 08:41
Москвада августдан буён комада ётган Ўзбекистон фуқароси ҳақида маълумот берилди
